ЖАМОА ТАРИХИ
ЖАМОА ТАРИХИ
«МАШЪАЛ» (МУБОРАК) ПРОФЕССИОНАЛ ФУТБОЛ КЛУБИ ТАРИХИ

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида футболни ривожлантиришга аввалдан замин бор эди. Миллий чемпионатимизга асос солингунга қадар газчилар шаҳарчасининг «Факел» жамоаси собиқ Иттифоқ чемпионати иккинчи лигаси, Ўзбекистон касаба-уюшмалари жисмоний тарбия жамоалари Республика биринчилигида қатнашиб келган. Бир сўз билан айтганда, Муборак футболининг ўзига хос тарихи бор эди.

Чўлни ўзлаштириб, шаҳар барпо этишда асосан ёшлар жавлон уришган. 1980 йиллар бошида улғайиб бораётган ёш шаҳарнинг меҳнатсевар ёшлари футбол жамоасини тузиш ташаббуси билан чиқдилар. Муборак технологик транспорт ва махсус техникалар корхонасининг раҳбари Баҳром Вафоевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1982 йили футбол жамоасига асос солинди. Биринчи мавсумдаёқ катта мақсадларни кўзлаган футболчилар вилоят биринчилигида муваффақият қозониб, Республика биринчилигига йўлланма олишди. Шу йилларда айнан Баҳром Вафоевнинг ташаббуси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Муборак газ ишлаб чиқариш бошқармаси, бошқа хомийлар кўмаги ҳамда ҳашар йўли билан шаҳар марказида стадион қуриб битказилди. Ушбу стадион айни пайтда айнан Баҳром Вафоев хотираси учун унинг номи билан аталади.

1988 йилга қадар жамоа ички биринчиликда ўртамиёна клублардан бири бўлиб келди. Бу давр ичида жамоага четдан не-не ўйинчилар, мураббийлар келиб кетмади. Ўша йилнинг иккинчи даврасида клубга пойтахтдан Тўра Шоймардонов таклиф этилди. У асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратди. Натижа эса келаси мавсумдаёқ бўй кўрсатди – аутсайдерлардан бири бўлган «Факел» фахрли учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Миллий чемпионатимиз биринчи лигасида фаолиятини давом эттирган йилиёқ жамоанинг номи ўзгартирилди ва шундан бери клуб «Машъал» дея атала бошланди. Жамоанинг олий лигага чиқишида собиқ пахтакорчи, бош мураббий Борис Серостанов, Муборак тумани ҳокими Жумақул Қурбонов, ҳомийлар – туман газни қайта ишлаш корхонаси директори Нуриддин Зайниев, Муборак газ конлар бошқармаси бошлиғи Иван Келеш каби инсонларнинг хизматлари беқиёс бўлди. Жамоа бош мураббийлигига гарчи Виталий Иванов таклиф этилган бўлса-да, ўйинчиларнинг аксарияти маҳаллий йигитлар бўлганлиги эътиборли эди. Олег Қаҳҳоров, Константин Смирнов, Файзулла Очилов, Асрор Алиқулов, Зоир Тўрақулов, Александр Бейнарович, Анвар Бердиев, Комил Ягмиров, Владимир Надьярний каби қашқадарёлик футболчилар вилоят шарафини олий лигада муносиб ҳимоя қилишга киришдилар. Юқорида номлари зикр этилганлар кейинчалик ҳам вилоят футболи савиясини кўтариш учун ўзларини шу соҳага бағишлаганликлари билан ҳурмат қозондилар. Жумладан, Олег Қаҳҳоров бутун Осиёга маълуму-машҳур бўлиб улгурган «Севинч» аёллар жамоасида дарвозабонлар мураббийи, Константин Смирнов Республика тоифасидаги ҳакам, Алиқулов эса мамлакат терма жамоасининг асосий ҳимоячиси, Бердиев «Нефтчи» таркибида бир неча юксак унвонлар соҳибига эришди.

Бироқ «Машъал»нинг олий лигадаги юриши муваффақиятли кечмади – икки мавсумда лигадан тушиб кетмади-ю, лекин аутсайдерлар қаторида жон сақлади. Бу эса турган гапки вилоят мутасаддиларини ҳам, ишқибозларини ҳам қаноатлантирмасди. 1997 йилга келиб, вилоят футболи структурасида ўзгариш қилинди. 1-лигада пастки ўринларда юрган вилоят марказидаги «Насаф» жамоасига олий, олий лигадаги «Машъал»га эса биринчи лига жамоаси мақоми берилди. Муборакликлар устозлигига шу вилоят футболида ном қозонган, кўплаб истеъдодли шогирдлар етиштирган, «Машъал»да икки йилдан буён иккинчи мураббий сифатида фаолият юритиб келаётган Абдураҳмон Юмангулов тайинланди. Аввалги йилдаги таркибдан камчилик қолди, аксарият ўйинчилар яна маҳаллий йигитлар эвазига таклиф этилди. Уларнинг кўпчилиги Юмангуловнинг шогирдлари эди: Равшан Шарофуддинов, Комилжон Ягмиров, Бахтиёр Мамадиев, Дадажон Тоғаев ва бошқалар.

Жамоа гарчи биринчи лигага тушириб юборилган бўлса-да, бу ердаги иш профессионал даражада давом этаверди. Баҳром Вафоев номли стадион тобора гўзаллашиб борди. Унинг ёнида 1000 кишилик кичик стадион қад кўтарди, яна иккита футбол майдони фойдаланишга топширилди. Бу ишларнинг барчасига Муборак газни қайта ишлаш заводи директори Нуриддин Зайниев бош-қош бўлди.

Жамоа бир пайтлар, тўғрироғи, тўрт йил аввал вилоят мутасаддилари қистови билан олий лигадан биринчи лигага айланиб қолганди. Шундан буён муборакликлар фақат юқори ўринлар учун курашишди. Уч йил кучли олтиликдан пастга тушмаган жамоа 2000 йили ниҳоят қуйи лигада фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, ҳақли равишда олий лига йўлланмасини қўлга киритди. Биргина пойтахтнинг «Академия» клубини ўзидан юқори поғонага ўтказиб юборди холос. Аммо ЎФФнинг антиқа қарори муборакликларни олий лигага чиқишдек умидларини пучга чиқарди. Гап шундаки, 2000 йили олий лигада 20та жамоа иштирок этган бўлса, 2001 йилдан унинг сафи иккитага қисқартирилиши режалаштирилди. Шундай қилиб, биринчи лигага тўғридан-тўғри йўл олиши лозим бўлган, аксинча юқори лигадан қуйига тушиши керак бўлган «Машъал» ва «Сўғдиёна» клублари ўртасида ўтиш учрашуви ташкиллаштирилди. Афсуски, совуқ кунларда ўтказилган ўйинда жиззахликларга омад кулиб боқди ва «Сўғдиёна» олий лигадаги жойини сақлаб қолди. «Машъал» эса яна биринчи лигага равона бўлди.

Шунда ҳам муборакликларнинг кайфияти тушиб кетмади, ишга янада жиддий киришилди. Янги мавсумга тайёргарлик кўришда 1-лига жамоалари ичида энг кўп ўртоқлик учрашувлари уюштирилди. Бу эса охир-оқибат ўзининг ижобий натижасини кўрсатди – муборакликлар 29-турда ўз майдонларида «Шўрчи» жамоасини қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди ва муддатидан олдин иккинчи бор олий лига йўлланмасини қўлга киритишди.

2002 ЙИЛ
Баҳорги тайёргарлик даврида муборакликлар дастлабки муваффақиятга эришишларига бир баҳя қолди. Пойтахтда ташкил этилган ЎФФ Кубогининг саралаш учрашувларини юқори кайфиятда ўтказиб чорак финалда «Локомотив» (5:2), ярим финалда «Сўғдиёна» (2:1) жамоаларини ҳам енгиб, финалгача етиб келган «Машъал» ҳал қилувчи учрашувда пойтахт вилоятининг «Дўстлик» жамоасига рўбарў келди. Бу пайтда муборакликлар таркиби ўтган мавсумга қараганда 70-80 фоизга ўзгариб кетган, асосий футболчиларни ўтган йилги «Академия»нинг етакчи ўйинчилари ташкил этарди. Финал учрашуви ҳам махсус белгиланганидек «Дўстлик» стадионида бўлиб ўтди. Рашид Айтеков бошқарган учрашувнинг асосий вақтида кучлар тенг келди – 1:1 (муборакликлардан тўпни Владислав Сидоров киритди), қўшиб берилган вақтнинг 109-дақиқасида рақиблар ҳужумчиси Равшан Бозоров ўзининг иккинчи, жамоасининг эса ғалаба келтирган тўпини киритиб, Германиядан олиб келинган улкан Кубокни «Дўстлик»ка ҳадя этди.

Миллий чемпионат Бахтиёр Бобоев устозлигида ўтиб, 8-ўрин билан кифояланди. Ваҳоланки, муборакликлар биринчи давра якуни бўйича аутсайдерлар қаторида «жон сақлаётган» эдилар. Жамоанинг уч нафар аъзоси – Илҳом Суюнов, Константин Боев ва Рустам Қодиров мамлакат ёшлар терма жамоаси таркибида Испанияда ўтган халқаро турнирда иштирок этиши муборакликларнинг фахрига айланди.

2003 ЙИЛ
Мавсумга тайёргарлик Ғазалкент шаҳрида бошланди. Ўз таркибига Н.Ҳабибов, Э.Гамбаров, А.Толипов, Ф.Хабибулинни таклиф этган жамоа ЎФФ Кубогининг ярим финалида пойтахтнинг «НБУ-Осиё» жамоасига имкониятни бой бериб қўйди.

Чемпионатнинг бошидан охиригача кучли олтиликда келган жамоа мавсумни ҳам 6-ўрин билан якунлади. Йил сўнггида клуб вице-президенти Баҳром Давлатов Голландияга сафар этиб бир ҳафта давомида дунёга машҳур «Аякс» клубида малакасини оширди ҳамда клубни профессионал ташкил этиш, футбол академияси иш тизимини такомиллаштириш ва бошқа масалаларда тажриба орттириб қайтди. Сафар чоғида Баҳром Бойжонович «Аякс» бош мураббийи Рональд Куман ва Голландия ёшлар терма жамоаси устози Рууд Гуллитлар билан суҳбат уюштиришга муваффақ бўлди. Умуман Баҳром Давлатовнинг борлиги муборакликларнинг бахти эди. Бу мутахассис футболнинг нозик жиҳатларини яхши тушунади, футболчиларнинг кўнглига йўл топа олади. Қулай шароитларни яратиш борасида ҳам тажрибаси катта. Барчага маълум, «Машъал»да асосан ёш футболчилар тўп суришади. Клуб вице-президенти эса уларнинг малакасини ошириш учун барча чораларни кўради. Футболчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш йўлларидан бориб уларни профессионал даражага кўтаришга ҳаракат қилади. Футболчилар ҳам ўз зиммаларидаги вазифаларини бамайлихотир бажаришга одатланишган. Жамоа нафақат чемпионатдаги натижалари билан, балки ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатига маҳоратли футболчилар етказиб берганлиги билан ҳам фахрланади. Истеъдодли футболчилар Илҳом Суюнов, Рустам Қодиров ва Константин Боевлар алоҳида таҳсинга лойиқ. Айниқса, Қодиров 2003 йилги жаҳон чемпионатида терма жамоамизнинг барча уччала ўйинида ҳам асосий таркибдан жой олганди.

2004 ЙИЛ
Мавсумнинг биринчи ярми муборакликлар учун маваффақиятсиз ўтди. Бундан тўғри хулоса чиқарган клуб мутасаддилари танаффус даврида қатор ўзгаришларни амалга оширишди. Аввалига таркибга таниқли футболчилар таклиф этилди – Сергей Ни, Бахтиёр Намозов, Пётр Гизимчук, Умид Тожимов, Қобил Алиқуловлар. Иккинчи давра бошланиши арафасида эса мураббийлар штабида ҳам ўзгаришлар амалга оширилди. Россиялик таниқли мураббий Анатолий Бишовец билан бирга ишлаган Тарасов таклиф этилди. Шунингдек, ака-ука Илья ва Алексей Кликунов, Қудрат Мадаминов ва Нурилло Ҳабибовларга рухсат берилди.

Бу билан ҳам жамоа кучайиб қолмади, аксинча тобора қуйига қараб шўнғий борди. Бир тур аввал вилоят маркази вакиллари ўз майдонида ютқазганди, бу гал мағлубият навбати «Машъал»га келди. «Машъал» ўз уйинда «Локомотив»га ютқазиб қўйди. Учрашувдан бир кун олдин жамоа бош мураббийлигига мамлакат ўсмирлар терма жамоасидан кетган Ислом Аҳмедов тайинланганди. Гарчи у тактикани ўзгартиргани билан ижобий натижани амалга ошира олмади. Аммо турдан-турга ўйин сифатида ўзгариш юз бера бошлади ва «Машъал» аста-секин аутсайдерлар сафини тарк этди. 24-турга келиб «Машъал» ўзбек футболи тарихида ўзига хос рекорд ўрнатди. Муборакликлар ўз майдонларида «Трактор»ни қабул қилишаётганди. Учрашув бошидаёқ майдон марказида турган Даврон Каримқулов жарима майдонига яқинлашиб қолган Лутфулло Тўраевга тўпни етказиб берди. У эса тўпни тўхтатмасдан чап томондан жарима майдончасига кириб борган Жасур Бобоевга тўпни узатди. Жасур нишонни аниқ олди – 1:0. Бу пайтда соат миллари 15-сонияни кўрсатаётганди. Барибир Ислом Аҳмедов жамоада узоқ ишлай олмади. Бу мураббий мавсум ниҳоясига етганидан сўнг жамоани тарк этди.

2005 ЙИЛ
Ортда қолган мавсумнинг сўнгги ойи нафақат қашқадарёликлар, балки ўзбекистонлик мухлислар учун ҳам шов-шувли воқеаларни туҳфа этди. Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, ёшлар ўртасида Европа чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Ўзбекистоннинг бир неча марта энг яхши футболчиси, бир сўз билан айтганда, ўзбек футболи юлдузи Миржалол Қосимовнинг «Машъал»га ўтиши борасидаги гап-сўзларга бошида биров ишонмади. Янги йилга яқин эса шов-шув ҳақиқатга айланди – Миржалол «Машъал» да ўйновчи-мураббий сифатида фаолият кўрсата бошлади. Янги йилнинг дастлабки кунларидан жамоа бош мураббийлигига тажрибали мутахассис Виктор Жалилов таклиф этилди. Турган гапки, у ўзининг доимий ва содиқ шогирдларини йиғди. Хусусан, «Навбаҳор»нинг асосий ўйинчиларидан Шуҳрат Мирхолдиршоев, Дилявер Ваниев, Жасур Ҳасанов, Ҳамза Каримов, Виталий Жалилов, Андрей Поваляевлар Муборакка келишди. Футболчиларга Қаршида ҳам, Тошкентда ҳам, Янгиерда ҳам шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилди. Қишки тайёргарликни пойтахтдаги «Геофизика» мажмуаси қароргоҳида ўтказган «Машъал» вакиллари қатор ўртоқлик учрашувларида майдонга тушишди. Ҳатто йиғин ўтказиш учун Украинага сафар уюштирилди. Буларнинг бари ўзининг ижобий таъсирини кўрсатди. «Машъал» биринчи даврани учинчи ўринда якунлади ва иккинчи даврага зўр бериб тайёргарликни бошлади. Ўртоқлик учрашувларининг бирида рақиб сифатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси танланди. Шиддатли кечган баҳс 1:1 натижаси билан интиҳо топди.

Иккинчи давра ҳам муборакликлар учун бир маромда давом этди. Бутун мавсумни учинчи ўринда ўтказган муборакликлар яқин таъқибчиси «Трактор»ни ўн очкога ортда қолдирган ҳолда ўз тарихларида илк бор бронза медалига эгалик қилишди ва Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

2006 ЙИЛ
Январь ойининг дастлабки кунларида Муборакка ОФКнинг икки вакили ташриф буюриб стадион аҳволи, меҳмонхона, аэропорт каби объектлар билан яқиндан танишишди. Бу пайтда футболчилар йиғинни пойтахтдаги «Геофизика» қароргоҳида бошлаб юборишган, Симферополда ўтадиган йиғинга сафар этишга тайёргарлик кўришаётган эди. Алуштадаги йиғиндан кейин муборакликлар Малайзияга ҳам бориб келишди. Маҳаллий олимпия терма жамоаси билан куч синашган «Машъал» рақибини 6:2 ҳисобида мағлуб этди.

Ниҳоят муборакликлар интиқиб кутган дамлар ҳам етиб келди. «Машъал» ўз тарихида биринчи марта йирик мусобақада иштирок эта бошлади. Осиё чемпионлар Лигасининг дастлабки учрашувида муборакликлар хорижга сафар этишди – рақиб Ироқнинг «Ал-Минаъ» клуби эди. Бироқ Ироқда нотинч вазият ҳукм сургани учун ўйин бошқа мамлакатда - Қувайтда ташкил этилди. «Машъал» ОЧЛдаги дебютини ютуқ билан бошлади. Учрашувнинг 31-дақиқасида жамоанинг янги аъзоси Зафар Холмуродов ҳисобни очди ва мазкур ҳисоб ўйин охиригача ўзгармай қолди.

Иккинчи учрашувни ўз майдонида, ўн минглаб томошабинлари гувоҳлигида ўтказган муборакликлар учрашувнинг бошидан охирига қадар ташаббусни рақибга топшириб қўймади, бироқ гол уришнинг ҳам уддасидан чиқа олмадилар. Фақатгина ливанлик ҳакам қўшиб берган тўрт дақиқанинг сўнгги сонияларида Шуҳрат Мирхолдиршоев ўйин давомида йўл қўйган қатор хатоларини тузатиб, амирликлар дарвозасини нишонга олди ва жамоадошларини муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди. Лекин навбатдаги учрашувда Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби меҳмони бўлган муборакликлар кутилмаганда йирик ҳисобда имкониятни бой беришди – 0:5.

Жавоб учрашувидан муборакликларнинг кўнгли хавотирда эди. Биринчидан, ўз майдонида араблар йирик ҳисобда устунлик қилган, иккинчидан ўйинни яна араб давлати вакили, биз учун ноқулай ҳисобланган баҳрайнликлар бошқариши маълум эди. Лекин мубораклик футболчилар хавотирга ўрин қўйишмади. Ҳакам ҳақиқатдан ҳам қанчалик меҳмонларга ён босмасин (икки нафар ўйинчимизни четлатди, пенальти белгилади, ўйинга беш-олти дақиқа ортиқча вақт қўшди) Виктор Жалилов шогирдлари метин иродасини букишмади – ғалаба қозонишди.

Бироқ бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай муборакликлар ироқликларни қабул қилишди. Рақибларини менсимай майдонга тушиш қимматга тушди ва ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Ваҳоланки, меҳмонлар учрашув бошланишига бор-йўғи 45 дақиқа қолганида етиб келган, йўл азобидан роса чарчаган эдилар. Шу тариқа «Машъал» навбатдаги босқичга чиқиш масаласини қийинлаштириб қўйди.

17 май куни ҳал қилувчи баҳс БААда бўлиб ўтди. «Машъал» учрашувнинг 23-дақиқасида Зафар Холмуродовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. Аммо вакилларимиз ғалабани сақлаб қола олишмади. Майдон эгаларининг сербиялик легионери Ненад Йестрович икки бор дарвозани нишонга олиб, жамоасининг кейинги босқичга чиқиш масаласини ҳал этди. «Машъал» ўтказилган олти учрашувнинг иккитасида ғалаба, иккитасида дуранг ва яна шунчасида мағлубиятга учраган ҳолда, ўн очко билан гуруҳда учинчи поғонадан жой олди.

Бу пайтда миллий чемпионатимиз олий лига жамоалари биринчи даврани якунлаш арафасида эдилар. «Машъал» гарчи Осиёнинг кучли клублари қаторидан жой олмаса-да, ички чемпионатдаги ишлари ёмон эмасди. Биринчи давра давомида ҳатто карвонбошиликка ҳам кўтарилди, кейин эса иккинчи ва учинчи поғоналарда юрди. Давра якунида «Нефтчи»ни ўзидан юқорига кўтариб, тўртинчи ўрин билан кифояланиб қолди. Ўринбосарлар гуруҳи эса ўз тенгдошлари ичида иккинчи ўринда боришаётганди. Энг қизиғи, жамоа 8-турда «Нефтчи»га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бергач, бош мураббий Виктор Жалилов жамоадан четлаштирилди ва унинг ўрнига 11-турдан россиялик мутахассис Виктор Кумиков иш бошлади ва ўзининг «Металлург»га қарши биринчи учрашувида «Машъал» йирик ҳисобда ғалаба қозонди.

Муборакликлар чемпионат ўйинларини юқори кайфиятда ўтказиш билан бирга Ўзбекистон Кубоги учрашувларида ҳам салмоқли натижаларга эришишди. Айниқса ярим финалда икки ўйин якунига кўра «Нефтчи» клубидан устун келган муборакликлар ўзларининг футбол тарихида илк бор финалга қадар етиб келишди. Ҳал қилувчи учрашув ҳар доимгидек Тошкентда ўтказилди, рақиб ҳам анойилардан эмасди – «Пахтакор». Шундай бўлса-да, учрашувнинг сўнгги дақиқаларига қадар воҳаликлар бўш келишмади. Барибир тажриба ва мезбонлик ўз сўзини айтди – «Пахтакор» 2:0 ҳисобида муваффақият қозонди.

2007 ЙИЛ
Мавсумнинг дастлабки турларидан бирида Баҳром Вафоев номли стадионда ажойиб тадбир уюштирилди. Миллий чемпионатнинг 3-тур учрашувида, чўл бағрида жойлашган саноат шаҳрида мамлакатимизнинг икки етакчи жамоаси бир-бирига рўбарў келишди. «Машъал» ҳам, «Пахтакор» ҳам бирорта очко йўқотмасдан турнир жадвалида пешқадамлар сафида боришаётганди. Мазкур ўйиннинг яна бир эътиборли томони шунда эдики, Қашқадарё вилояти ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Нуриддин Зайниев ҳамда «Машъал» клуби раҳбарияти ташаббуси билан шу куни Муборакдаги учрашув олдидан футболимиз юлдузи Миржалол Қосимовнинг катта футбол билан хайрлашув кечаси ташкиллаштирилди. Миржалол футболдаги илк қадамларини «Пахтакор»да ташлаган. Энг ёрқин йиллари шу жамоада ўтган. Фаолиятининг охирги мавсумини ва мураббийликдаги дастлабки ишини эса «Машъал» билан боғлади. Тақдир тақозосини қарангки, уни футболдан кузатиш тантаналари айнан мана шу икки жамоанинг Муборакдаги учрашувига тўғри келди. Худди олдиндан режалаштирилганидек шиддатли кечган ўйинда кучлар ҳам тенг келди – 1:1. Ҳеч ким ҳеч кимни хафа қилмади.

«Машъал»нинг омадли одимлари биринчи даврада давом этди ва давра якунида 4-ўриндан мустаҳкам жой олди. Ҳатто вилоят маркази вакиллари ҳам муборакликлардан тўрт поғона пастда эдилар. Оралиқ танаффус даврида муборакликлар хорижда йиғин уюштиришга улгурдилар – сафар Словакияга бўлди. Муборакликлар чемпионатнинг иккинчи даврасини ҳам кўтаринки руҳда ўтказишди. Натижада жамоа биринчи марта бронза медалига сазовор бўлди.

2008 ЙИЛ
«Машъал» гарчи совринли ўринлардан жой олган бўлса-да, янги мавсум арафасида аксарият тажрибали футболчилар Муборакни тарк этишди. Хайрулла Каримов «Бунёдкор»га, Шуҳрат Мирхолдиршоев «Навбаҳор»га, Анвар Абдуқодиров билан Антон Майеранов «Қизилқум»га, Ботир Қораев, Ҳамза Каримов, Жасур Бобоев ва Фозил Мусаевлар эса вилоятнинг бош жамоаси «Насаф»га йўл олишди. Ўз жамоаларига эса асосан олий лигани тарк этган «Тўпаланг» ҳамда «Вобкент» жамоаларидан футболчилар таклиф этилди.

«Машъал» клуби нафақат чемпионат ўйинларида муваффақиятли одимини давом эттирди, балки клуб инфратузилмасини янада шакллантиришга ҳам эътибор қаратилди. Шу мақсадда клубнинг бир неча ходими, жумладан, мураббий Андрей Могилевский, ўйинчилар Тимур Добровский, Марадона Сафаров, Жаҳонгир Абдумўминов ва Элдор Шомуродовлар малака ошириш учун 10 кун муддатга Москвага сафар этишди ва «Локомотив» клубида бўлиб қайтишди.

Жамоа биринчи даврада ҳам, иккинчисида ҳам деярли ўрнини ўзгартирмади. Мавсумни тўртинчи ўринда мустаҳкам якунлади. Ўзидан юқоридаги «Нефтчи»га етиб олишнинг имкони йўқ бўлганидек, ўзига яқин таъқибчи бўлган «Андижон»ни ҳам яқинлашишга йўл қўймади. Қизиғи, худди «Насаф»да юз бергани каби «Машъал»нинг ўринбосарлари ҳам асосий таркибдан қолишмаган ҳолда тўртинчи поғонадан жой олишди.

2009 ЙИЛ
Мавсумга барвақт тайёргарлик кўришни бошлаган муборакликлар асосий машғулотларни Тошкентда олиб боришди. ЎФФга рўйхатдан ўтиш пайтида Геннадий Кочнев бош мураббий дея эълон қилинди. Дарвоқе, йил бошида жамоани кўпчилик тарк этди. Футболчиларнинг аксарияти яна «Насаф»га чақирилди. Лутфулло Тўраев, Рустам Қодиров, Жаҳонгир Жиямуродов, Самандар Шодмонов, Илҳом Шомуродов, Артём Филипосян, Шерзод Аъзамовлар вилоят маркази жамоаси – «Насаф»да машғулотларга киришган бўлса, Дилявер Ваниев, Виктор Клишин «Андижон»га, Анвар Ғофуров «Бунёдкор»га равона бўлди. Таркибга эса асосан «Насаф»дан Александр Мерзляков, Константин Боев, «Динамо»дан Хуршид Узоқбоев, Отабек Нарзуллаев, Зафар Холмуродов, россиялик Алексей Дмитриев, Святослав Бондаренко, украиналик Андрей Панчук, грузиялик Мамука Гонгадзе каби легионерлар жалб этилди. Бироқ кўзланган мақсадларга эришиш қийин бўлди. Биринчи давра давомида жамоа тобора пастга шўнғигандан-шўнғиб борди. Натижада яна ўзгаришлар юз берди. Жамоа бош мураббийи Геннадий Кочнев ва унинг ёрдамчиси Фаил Миргалимовлар вазифаларидан озод этилдилар. Кочневга «Машъал-Академия» жамоаси бош мураббийлиги топширилди. Муборакликлар бош жамоасига айнан «Академия»ни бошқарган Баҳодир Давлатов бош мураббий этиб тайинланди. Унга яқин ҳамкасби Ислом Аҳмедов ёрдам берадиган бўлди.

Иккинчи давра арафасида клубга бир нечта легионерлар таклиф этилди. Андрей Ерохин, Александр Гребенюк, Андрей Писний, Виктор Кожушко (барчаси Украина), Карим Израилов (Қирғизистон) шулар жумласидан. Иккинчи даврада Баҳодир Давлатов билан Ислом Аҳмедов астойдил ишлашди ва жамоани бир амаллаб олий лигада олиб қолишга муваффақ бўлишди. «Машъал» 2009 йилги мавсумни 14-ўринда якунлади.

«МАШЪАЛ»НИНГ ИЧКИ ЧЕМПИОНАТЛАРДА ҚАЙД ЭТГАН НАТИЖАЛАРИ
1993 йил
1-лига.
16та жамоа орасида 6-ўрин. Бош мураббий: Л.Надярьний
«Машъал»: 30 ўйин, 13 ғалаба, 6 дуранг, 11 мағлубият, тўплар нисбати: 60-41, 32 очко
1994 йил
1-лига.
18та жамоа орасида 1-ўрин. Бош мураббий: Б.Серостанов
«Машъал»: 34 ўйин, 23 ғалаба, 6 дуранг, 5 мағлубият, тўплар нисбати: 65-23, 52 очко
1995 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 14-ўрин. Бош мураббий: Б.Серостанов
«Машъал»: 30 ўйин, 8 ғалаба, 5 дуранг, 17 мағлубият, тўплар нисбати: 24-58, 29 очко
1996 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 14-ўрин. Бош мураббий: В.Дорофеев
«Машъал»: 30 ўйин, 8 ғалаба, 4 дуранг, 18 мағлубият, тўплар нисбати: 28-64, 28 очко
1997 йил
1-лига.
22та жамоа ортасида 6-ўрин. Бош мураббий: А.Юмангулов
«Машъал»: 42 ўйин, 20 ғалаба, 8 дуранг, 14 мағлубият, тўплар нисбати: 71-58, 68 очко
1998 йил
1-лига.
20та жамоа орасида 4-ўрин. Бош мураббий: А.Юмангулов
«Машъал»: 38 ўйин, 24 ғалаба, 6 дуранг, 8 мағлубият, тўплар нисбати: 96-50, 78 очко
1999 йил
1-лига.
18та жамоа орасида 5-ўрин. Бош мураббий: В.Любушин
«Машъал»: 34 ўйин, 16 ғалаба, 8 дуранг, 10 мағлубият, тўплар нисбати: 66-41, 56 очко
2000 йил
1-лига.
20та жамоа орасида 2-ўрин. Бош мураббий: Б.Давлатов
«Машъал»: 38 ўйин, 28 ғалаба, 2 дуранг, 8 мағлубият, тўплар нисбати: 110-38, 97 очко
2001 йил
1-лига.
17та жамоа орасида 2-ўрин. Бош мураббий: Б.Давлатов
«Машъал»: 32 ўйин, 24 ғалаба, 4 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати: 82-25, 76 очко
2002 йил
Олий лига
. 16та жамоа орасида 8-ўрин. Бош мураббий: Б.Бобоев
«Машъал»: 30 ўйин, 10 ғалаба, 6 дуранг, 14 мағлубият, тўплар нисбати: 37-52, 36 очко
2003 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 6-ўрин. Бош мураббий: В.Иванов
«Машъал»: 30 ўйин, 13 ғалаба, 5 дуранг, 12 мағлубият, тўплар нисбати: 48-40, 44 очко
2004 йил
Олий лига
. 14та жамоа орасида 10-ўрин. Бош мураббий: Б.Давлатов
«Машъал»: 25 ўйин, 7 ғалаба, 3 дуранг, 15 мағлубият, тўплар нисбати: 30-40, 24 очко
2005 йил
Олий лига.
14та жамоа орасида 2-ўрин. Бош мураббий: В.Жалилов
«Машъал»: 26 ўйин, 19 ғалаба, 2 дуранг, 5 мағлубият, тўплар нисбати: 54-24, 59 очко
2006 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 4-ўрин. Бош мураббийлар: В.Жалилов, В.Кумиков
«Машъал»: 30 ўйин, 18 ғалаба, 6 дуранг, 6 мағлубият, тўплар нисбати: 50-28, 60 очко
2007 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 3-ўрин. Бош мураббий: В.Кумиков
«Машъал»: 30 ўйин, 22 ғалаба, 4 дуранг, 4 мағлубият, тўплар нисбати: 62-25, 70 очко
2008 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 4-ўрин. Бош мураббий: В.Кумиков
«Машъал»: 30 ўйин, 15 ғалаба, 7 дуранг, 8 мағлубият, тўплар нисбати: 38-26, 52 очко
2009 йил
Олий лига.
16та жамоа орасида 13-ўрин. Бош мураббийлар: Г.Кочнев, Б.Давлатов
«Машъал»: 30 ўйин, 8 ғалаба, 6 дуранг, 16 мағлубият, тўплар нисбати: 32-43, 30 очко

ОЛИЙ ЛИГА-2009да ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ КЎРСАТКИЧЛАРИ


Футболчи Амп. Туғилган
санаси
Ўйин Дақиқа Гол СК ҚК
Қодирқулов Ботир Ҳуж 19.01.1981 30 2299 3 1 0
Сапаргалиев Габит Ҳим 29.10.1980 27 2371 1 3 0
Давлатов Нодир Ҳуж 03.07.1990 27 1149 3 1 0
Мерзляков Александр ЯҲ 30.10.1986 17 798 0 1 0
Қувватов Санжар Дар 08.01.1990 16 1440 0 1 0
Шодмонов Аббос Ҳуж 06.11.1988 16 1224 1 1 1
Ерохин Андрей Ҳим 24.03.1978 15 1350 1 0 0
Мусаев Фозил ЯҲ 02.01.1989 15 1186 2 3 0
Панчук Андрей Ҳим 08.01.1981 14 1260 0 2 0
Писний Андрей Ҳим 20.09.1981 14 1213 0 1 0
Гребенюк Александр Ҳуж 24.07.1981 14 1081 3 0 0
Мўминов Абдували ЯҲ 13.03.1983 14 1039 0 1 0
Холмуродов Зафар Ҳуж 15.10.1976 14 875 3 4 0
Қуттибоев Саломат ЯҲ 21.05.1986 14 711 0 4 0
Израилов Карим ЯҲ 14.03.1987 13 1159 2 5 0
Ҳамроев Сирож Ҳим 26.05.1990 13 1099 0 3 0
Кожушко Виктор Ҳим 03.02.1981 13 946 4 1 0
Муҳаммадиев Шуҳрат ЯҲ 24.06.1989 13 676 0 1 0
Тюленев Арсен ЯҲ 22.07.1990 12 1008 0 3 0
Шадрин Александр Ҳуж 09.04.1988 12 955 5 5 1
Гонгадзе Мамука ЯҲ 25.11.1985 12 722 1 2 0
Дмитриев Алексей Ҳим 19.04.1985 11 871 0 4 0
Ҳасанов Роббим ЯҲ 06.02.1988 11 620 1 2 0
Боев Константин Ҳуж 15.11.1983 11 563 0 2 0
Узоқбоев Хуршид Ҳим 08.01.1980 10 819 0 1 0
Тошматов Дилмурод Дар 12.02.1984 8 720 0 0 0
Исабоев Элдор Дар 24.04.1989 6 540 0 1 0
Қамбаров Файзулла Ҳуж 01.01.1990 6 348 0 2 0
Мирзаев Тўлқин Ҳуж 30.10.1984 5 92 1 0 0
Эшбоев Даурен Ҳим 16.11.1989 4 240 0 1 1
Абдураҳмонов Акмал Ҳим 06.06.1987 3 109 0 0 0
Хутов Дмитрий Ҳуж 23.07.1991 3 88 0 0 0
Азизов Собир ЯҲ 07.05.1990 1 33 0 0 0
Нарзуллаев Отабек ЯҲ 25.06.1985 1 19 0 0 0

 «МАШЪАЛ»НИНГ ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИДА ҚАЙД ЭТГАН НАТИЖАЛАРИ
2006 йил. «В» гуруҳи

8 март
«Ал-Минаъа» (Ироқ) – «Машъал» – 0:1
Гол:
З.Холмуродов (31).
22 март
«Машъал» – «Ал-Айн» (БАА) – 1:1.
Гол:
Ш.Мирхолдиршоев (90).
12 апрель
«Ал-Ҳилол» (С.Арабистони) – «Машъал» – 5:0.
26 апрель
«Машъал» – «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони) – 2:1
Голлар:
Б.Қораев (50), З.Холмуродов (84).
3 май
«Машъал» – «Ал-Минаъа» – 2:2.
Голлар:
Ж.Ҳасанов (30), Ш.Мирхолдиршоев (72).
17 май
«Ал-Айн» – «Машъал» – 2:1
Гол:
З.Холмуродов (23).

«МАШЪАЛ» ЎЗБЕКИСТОН КУБОГИ ФИНАЛИДА
2006 йил. Тошкент. «Пахтакор» Марказий стадиони.
«Пахтакор» – «Машъал» – 2:0 (1:0). 17000 томошабин.
Бош ҳакам:
Н.Лутфулин
«Пахтакор»: Т.Жўраев, И.Суюнов, А.Алиқулов, А.Клецков, В.Кирьян, В.Пономарев, С.Жепаров, Т.Кападзе, Р.Байрамов (О.Аҳмедов, 79), У.Ихероуме (И.Магдеев, 90), З.Тожиев (А.Солиев, 63)
«Машъал»: П.Бутенко, Д.Ваниев, А.Ғофуров, Х.Каримов, Р.Қодиров, К.Мурзоев, Ш.Мирхолдиршоев (В.Клишин, 75), Л.Тўраев, Б.Қораев, Ж.Бобоев (А.Ибрагимов, 71), Б.Қодирқулов (Ж.Ҳасанов, 67).
Голлар: Р.Байрамов (45), Уче (83).
Огоҳлантиришлар: Уче (55), В.Кирьян (81) – А.Ғофуров (22), Ш.Мирхолдиршоев (35).


Учрашувлар
19.06.2017

Машъал

Нефтчи
2:2
Олий лига
25.06.2017 19-00

Динамо

Машъал
:
Олий лига
Турнир жадвали

1 Локомотив 13 33-8 32
2 Насаф 13 19-9 26
3 Қўқон-1912 14 22-16 26
4 Олмалиқ 14 12-11 23
5 Пахтакор 14 15-18 21
6 Бухоро 14 23-20 20
7 Машъал 14 15-13 19
8 Навбахор 14 16-15 19
9 Динамо 14 18-18 18
10 Қизилқум 14 13-16 17
11 Сўғдиёна 14 18-24 17
12 Бунёдкор 13 12-14 15
13 Шўртан 14 14-19 15
14 Металлург 13 16-17 14
15 Нефтчи 14 12-23 11
16 Обод 14 9-26 9

1 Шўртан 14 23-12 28
2 Пахтакор 14 28-16 27
3 Қўқон-1912 14 18-13 27
4 Бунёдкор 13 25-18 25
5 Машъал 14 24-19 24
6 Бухоро 14 29-17 23
7 Нефтчи 14 24-19 20
8 Олмалиқ 14 21-17 20
9 Локомотив 13 15-21 19
10 Металлург 13 21-20 18
11 Қизилқум 14 23-27 16
12 Сўғдиёна 14 22-25 15
13 Насаф 13 20-23 14
14 Обод 14 17-25 11
15 Динамо 14 13-29 10
16 Навбахор 14 13-35 10
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
Ботир Нoсиров
Дарвозабон
11.06.1985
Cувонқулов Отабек Холмуротович
Ўйингох мудири
02.06.1981
+ + +