ЯНГИЛИКЛАР » ИНТЕРВЬЮЛАР
ЯНГИЛИКЛАР » ИНТЕРВЬЮЛАР

Аббос ШОДМОНОВ: «ЎЗИМНИ «МАШЪАЛ»ДАН БОШҚА КЛУБДА ТАСАВВУР ҚИЛА ОЛМАЙМАН»

Киритилган сана: 27.10.2010.

«Машъал» футбол клубининг тарбияланувчиси ҳисобланган Аббос Шодмонов бир неча йилдирки, ўз жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Айтиш керакки, бу футболчининг ушбу жамоада ўз ўрни бор ва уни мухлислар ҳам яхши кўрадилар. У майдонда тезкорлиги ҳамда тўпни шерикларига аниқ тўп узатиши билан ажралиб туради. 23-турда «Нефтчи» клуби билан ўтказилган беллашувда Шодмонов қизил карточка туфайли майдондан четлатилди. Лекин унинг жамоаси 3:0 ҳисобидаги ажойиб ғалабани қўлга киритди. Ундан сўнг эса «Олмалиқ» ҳам таслим этилди. Биз Аббос Шодмоновдан интервью олишга эришдик.

— Аббос, «Машъал» «Олмалиқ» устидан ғалабага эришди. Лекин сиз олдинги турда қизил карточка олганингиз туфайли мазкур баҳсда майдонга туша олмадингиз. Айтмоқчиманки, жамоангизнинг ғалабасига шерик бўла олмаганингиз алам қилмаяптими?
—Албатта, алам қилди, лекин нима ҳам қила олардим. Мисол учун мукофот пулидан қуруқ қолдим (кулади). Тўғрисини айтсам, жамоадошларимга ёрдам беришни хоҳлагандим. Афсуски бундай бўлиб чиқмади. Ўйин асосан тенг курашлар остида кечди. Ҳозир мавсум охирлаб қолгани боис йигитлар бироз толиқишган. Шу сабабли ҳам учрашув қийин ўтди.

— Ўтган турда «Нефтчи» дарвозасини жавобсиз уч марта ишғол қилдинглар. Бу сафар эса битта гол билан чекландинглар. Нима деб ўйлайсиз, фарғоналикларга қарши жамоа кучли ўйнаганмиди ёки «Олмалиқ» яхшироқ ўйнадими?
— «Нефтчи» билан ўйинда зўр ўйин кўрсатдик деб ўйлайман. «Олмалиқ»қа қарши эса футболчиларнинг ўйини унчалик қовушмади. Қолаверса, яратилган имкониятлардан тўғри фойдалана олмадик.

— «Нефтчи» билан ўйиндаги майдондан четлатилишингиз ушбу мавсумда илк бор кузатилди. Сиз ўша ҳолатни қандай изоҳлайсиз?
— «Нефтчи» ўйинчиси Иқбол Акрамов билан ўртамизда ўйиннинг бошиданоқ келишмовчилик бўлди. Натижада бу қизил карточкага олиб келди. Чунки охирида асабларим дош бермади.

— Ҳакамнинг қарорига тўла-тўкис қўшиласизми?
— Ҳа, қўшиламан. Нега деганда бундай бўлишига ўзим айбдорман. Ҳиссиётларимни жиловлай олмадим.

— Сиз аслида ярим ҳимоячисиз. Аммо мураббийларнинг кўрсатмасига биноан ҳимояда тўп суряпсиз. Бу ҳолат сизга ноқулайлик туғдирмаяптими?
— Бунга кўникиб кетдим. Тўғри, бошида қийин бўлди-ю, кейинчалик киришиб кетдим. Ҳозирга келиб анча яхши. Олдин ўринбосарлар сафида ҳам ҳимояда ўйнаганман. Шунинг учун катта муаммоларга дуч келмадим.

— У ҳолда ўзингизни ҳимоячи сифатида ҳис қиляпсизми ёки ҳали ҳам ярим ҳимоячиман деб ўйлайсизми?
— Барибир ўзимни ярим ҳимоячиман деб ўйлайман. Чунки ҳужумга қўшилишни ёқтираман. Очиғи, ҳимояда ўйнашни ёқтирмайман.

— Олдинлари кўпроқ гол урганингизга гувоҳ  бўлардик. Аммо негадир охирги пайтларда рақиб дарвозасини ишғол қилганингизни кўрмаяпмиз. Демак, бу ҳимояда ўйнаётганингиз билан боғлиқ экан-да?
— Ҳа, шундай. Бундан бошқа сабаби йўқ. Ҳимояда тўп сураётганим боис олдинга ўтишнинг иложи бўлмаяпти. Шунинг учун менда голли имкониятлар деярли содир бўлмаяпти.

— Умуман олганда, сиз учун ҳимояда ўйнаш осонми ёки ярим ҳимоядами?
— Ҳимояда ўйнаш осонроқ. Бузиш енгилроқ, қуриш эса қийинроқ дейишади-ку. Ҳимояда рақиб ҳужумларини бузишга ҳаракат қиласиз. Шу боис менга осонроқ туюляпти. Ярим ҳимояда эса вазиятларни яратишингизга тўғри келади ва бу осон кечмайди.

— Ҳимояда осон дейишингизда жон бор. Чиндан ҳам ярим ҳимояда ўйнаб ҳужумларни ташкил қилардингиз ва имкониятлар юзага келарди. Лекин ҳимояда тўп суришга ўрганиб қолиб, бу сизнинг маҳоратингиз бироз бўлса-да, пасайишига олиб келмайдими?
— Йўқ, бу салбий таъсир қилмайди. Яна ярим ҳимояда ўйнасам олдингидек яратувчанликни бажара оламан деб ўйлайман. Тўғри, бу осон бўлмайди ва бир-иккита ўйинда мослашиб кетишим мумкин.  

— Дарвоқе, «Машъал»да биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада ўсиш кузатиляпти. Бунинг сабабини нимада кўряпсиз?
— Ҳаммаси мураббийда деб ўйлайман. Боиси бизга кучли мутахассис келди. Бундан ташқари жамоамизга тажрибали ўйинчилар ҳам таклиф этилди. Жамоа ўйинида аҳиллик бор ва бир-бирини тушуниш ҳолати жуда яхши. Биринчи даврада бундай нарса унчалик кўзга ташланмаётганди. Футболчиларнинг аҳил ва иноқлиги ҳам ғалабаларимизга сабаб бўлмоқда.

— Иккинчи даврада жамоага бир қатор легионерлар келди. Уларнинг орасида эса Николай Риндюк кўпроқ кўзга ташланяпти. Хорижлик футболчилар ҳақида нима дейсиз?
— Уларнинг сафимизга қўлиши ўйинимизнинг кучайишига олиб келди. Николай Риндюкнинг «Машъал»га қўшаётган ҳиссаси катта бўлмоқда. У иккинчи даврада еттита гол уришга эришди. Асосан унинг голлари туфайли ғалаба қозоняпмиз.

— Қолган легионерлар ҳақида бундай фикрда эмасмисиз?
— Игорь Петкович ярим ҳимояда яхши паслар билан жамоадошларини таъминлаб турибди. Лекин қолган икки футболчи бир текисда ўйнай олишмаяпти. Баъзида ўйини қовушмайди, баъзида эса жароҳатга йўлиқишади. Балки улар бизнинг муҳитга ёки шароитга мослаша олишмагандир.

— Биринчи давра ўрталарида бош мураббий Баҳодир Давлатов ишдан озод этилгач ўрнига Владимир Фомичёв келди. Агарда ҳозир ҳам Давлатов ишлашда давом этаётганида жамоа мана шундай ғалабаларга эриша олармиди?
— Билмайман. Балки сиз айтган нарса бўлиши мумкин эди. Муҳими, жамоага кучли футболчилар келишди.

— Сиз «Машъал» футбол клубининг тарбияланувчисисиз. Бунгача ўринбосарлар таркибида тўп сурдингиз ва икки йилдан бери асосий таркибда ўйнаб келяпсиз. Айтингчи, ўзингизни бошқа жамоада қандай тасаввур қиласиз?
— Тасаввур қила олмайман. Мен «Машъал»да ўсдим ва фаолиятимни шу ерда тугатаман. Агар четда ўйнаш имконияти бўлса буни инкор этмайман. Лекин Ўзбекистонда фақат шу жамоада ўйнайман.

— Шунга ўхшаш гапларни бугунда «Насаф»да тўп сураётган Ботир Қодирқулов ҳам айтарди. У узоқ йиллар давомида Муборакда ўйнаб келди. Лекин ҳозирга келиб «Насаф» учун тўп суряпти.
— «Насаф»да ўйнаётганларнинг кўпчилиги «Машъал»дан ўтишган, деярли 70 фоизи. Балки у ерга тезда мослашиб кетгандир. Лекин мен бошқа жамоада ўйнашимни тасаввур қила олмаяпман.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Учрашувлар
2018-11-19 14:30

Машъал

Андижон
4:1
ПРО Лига "А"-гуруҳи
2018

Машъал

Машъал
:
ПРО Лига "А"-гуруҳи
Турнир жадвали

1 Машъал 32 54-27 63
2 Андижон 34 58-34 63
3 Истиқлол 31 52-30 57
4 Динамо 31 44-25 52
5 Сурхон 32 58-40 50
6 Шўртан 31 33-45 36
7 Хоразм 31 51-70 32
8 Орол 31 33-69 23
9 Норин 33 26-69 21

1 Локомотив 1 3-0 3
2 Пахтакор 1 2-0 3
3 Бухоро 1 1-0 3
4 Бунёдкор 1 1-0 3
5 Нефтчи 1 0-0 1
6 Насаф 1 0-0 1
7 Металлург 0 0-0 0
8 Навбахор 0 0-0 0
9 АГМК 1 0-1 0
10 Қўқон-1912 1 0-1 0
11 Сўғдиёна 1 0-2 0
12 Қизилқум 1 0-3 0
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
МАҲМАДМУРОДОВ Сарвар
Видео тасвирчи
01.09.1991
Ваниев Дилявер
Жамоа Бошлиги
04.09.1975
Махматмуродов Санжар
Массажчи
26.09.1994
+ + +