ЯНГИЛИКЛАР » ИНТЕРВЬЮЛАР
ЯНГИЛИКЛАР » ИНТЕРВЬЮЛАР

Санжар КУВВАТОВ: ДАРВОЗАБОНЛАРНИНГ ЎЗИГА ХОС СИРЛАРИ БОР

Киритилган сана: 12.12.2011.

Айни пайтда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси келаси йили Лондонда бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига йўлланма олиш учун кураш олиб бормоқда.

Вадим Абрамов устозлик қилаётган олимпиячиларимизнинг ишларини яхши кетмоқда дейиш мумкин. Ҳозирча ўтказилган учта ўйинда вакилларимиз битта ғалаба ва иккита дуранг қайд этишиб, ўз гуруҳларида биринчи ўринда боришмоқда. 23 ва 27 ноябрь кунлари олимпия терма жамоамиз гуруҳдаги асосий рақибларимиз – БАА ва Австралия майдонларига сафар уюштиришиб, иккала рақиб майдонидан очко билан қайтишга муваффақ бўлди.

Ушбу сафар ўйинларида посбонимиз Санжар Қувватов ўз маҳоратини кўрсатиб, терма жамоамиз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди.

- Санжар, футболга қачондан меҳр қўя бошлагансиз?
- Ростини айтсам, аниқ ёшим эсимда йўқ. Лекин жудаям кичик эдим. Дадам ўзи тўп тепарди ва ҳар сафар мени стадионга ўзи билан бирга олиб кетарди. Ўшандаёқ дадамнинг ўйинларини кўриб футбол ҳаётимга айлана бошлаган.

- Футбол билан шуғулланишни қачондан бошлагансиз?
- Адашмасам, 7-синфда ўқиётганимдан бошлаб дарвозабонликка қизиқиш уйғонган.

- Демак, 14 ёшлигингизда машғулотга киришган экансиз. Кеч эмасми?
- Йўқ, йўқ сиз мени нотўғри тушундингиз шекилли. Дарвозабонликни 7-синфдан бошлаганман демоқчи эдим. Унгача ярим ҳимоячи амплуасида тўп тепардим.

- Қизиқ, амплуангизни ўзгартиришингизнинг сабаби нима билан боғлиқ. Ярим ҳимоя чизиғида тўп суриш қийинмиди?
- Мактаблар ўртасида “Умид ниҳоллари” турнирининг саралаш босқичи бошланган эдим. Бизнинг жамоада дарвозабон йўқ эди. Ўшанда мураббийимизни олдига бориб, дарвозани мен қўриқлайман деганман. Шу-шу дарвоза чизиғида ўйнаб кетдим.

- Ундай бўлса, Сизда илгаритдан дарвозабонликка қизиқиш бўлган экан-да?
- Ҳа, шундай. Футболчи сифатида шаклланаётган пайтларим машғулотлардан сўнг шерикларим менга пенальти ёки олис масофалардан зарба йўллаб, мени синаб кўришарди. Ўшандаги қўшимча машқлар мени дарвозабонликка чорлайверган.

- Кўп гол қўйиб юбориб, дарвозабонликдан кўнглингиз совуган пайтлар бўлганми?
- Йўқ, бундай ҳиссиётлар умуман бўлмаган. Аксинча, дарвозабонликка ўтганимдан сўнг уйдагиларим, айниқса дадам мени янада кўпроқ қўллаб-қувватлаган.

- Гапларингиздан сезилиб турибдики, футболдаги илк устозингиз дадангиз, шундайми?
- Ҳа, худди шундай. Дадам ҳозирда ҳам Касби туманидаги иккинчи лига жамоасида мураббийлик қилади.

- Олимпия терма жамоамиз Лондон-2012 саралаг босқичи доирасидаги турнирдаги сўнгги икки учрашувини БАА ва Австралияда ўткаазиб, юртимизга икки очко билан қайтди. Гуруҳдаги асосий рақиблар билан меҳмонда дуранг ўйнаб қайтиш бизнинг Лондон олимпиадасига бориш имкониятларимизни кескин оширди, деб ҳисоблайсизми?
- Саралашнинг биринчи даврасидан сўнг 5 очко билан ўз гуруҳимиз пешқадами бўлиб турганимиз бизни Лондонга боришимиз учун камлик қилади. 5 февраль куни ўз майдонимизда Австралия термасини қабул қиламиз. Ўша ўйинни ютиб олсак, олдимизга қўйилган вазифанинг 80-90 фоизини бажарган бўламиз. Қолган учта ўйиннинг иккитасини ўзимизда ўтказиб, Ироқ майдонига сафар уюштирамиз. Ироқ ҳам кучли жамоа.

- БАА ва Австралиядаги учрашувларнинг қай бири оғирроқ бўлди деб ўйлайсиз?
- БААдаги ўйинда бизда вазиятлар камроқ бўлди. Лекин рақиб ҳам мен қўриқлаган дарвоза олдида айтарли таҳдид сола олмади. Австралиядаги учрашув эса бир мунча очиқроқ ва ҳужумкор руҳда ўтди. Ундан ташқари, яшил қитъага 16 соат атрофида парвоз қилганимиз кўпчилигимизни толиқтириб қўйди. Шу боисдан ҳам кенгурулар юртидаги баҳсни қийинроқ бўлди, дейишга асосларим бор.

- Бош мураббий Вадим Абрамов ўз интервьюларида термаларимизнинг сафар ўйинларида тўп суриш бир мунча осонроқ. Чунки бошқа мамлакатлар майдонлари жудаям текис деб таъкидлайди. 5 февраль куни Тошкентда Австралия термасини қабул қилганимизда “Пахтакор” стадионидаги майдон ва юртимиздаги совуқ об-ҳаво бизга панд бериб қўймасмикан?
- Майдоннинг сифатсизлиги ёки об-ҳавонинг ноқулайлиги деган баҳоналар мухлисларни қизиқтирмай қўйган. Уларни ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа қониқтиради холос. Умуман олганда, 5 февраль куни қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар биз ҳам, австралияликлар ҳам бир хил шароитда майдонга тушамиз. Ўйлайманки, ўша куни ғалаба қозониб ўзбек халқига қувонч улашамиз.

- Умуман, Олимпия терма жамоамизнинг Лондон-2012га бориш имкониятларини қандай баҳолайсиз. Биз бу вазифани уддалашга ҳақиқатдан ҳам қодирмизми?
- Илгарилари, бизнинг жамоалар Европа вакиллари билан тўқнаш келишганида ўртадаги тафовут яққол сезилиб турарди. Футболчиларимиз кучли рақиб қаршисида довдириб қолиши ҳеч гап эмасди. Вақт ўтяпти, футбол тезлашяпти, биз ўсяпмиз. Буни ҳозирги кунда бемалол кўриб, фарқлаб олиш мумкин. Ўзбекистон футболи юксалиб, кучли жамоалар билан тенг савияга чиқиб олди. Шу боисдан ҳам бемалол айта оламанки, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Лондон-2012га боришга тўла-тўкис ҳақли.

- Ўз амплуадошларингиздан кимларнинг ҳаракатларига ҳавас қиласиз, улардан нималарни ўзлаштиришга уринасиз?
- Футболдаги кумирларим бу – Мадриднинг “Реал” клуби дарвозабони Икерь Касильес ҳамда Москванинг ЦСКА аъзоси Игорь Акинфеев. Ушбу икки дарвозабонларнинг машҳур сейвлари ёзилган видеотасмалар менда бор. Ўша дискларни томоша қилиб, кўп нарсаларни ўзлаштириб бораман.

- Футболчилар ҳар сафар ранг-баранг машқларни бажаришади. Лекин дарвозабонларнинг тайёргарликлари ва машғулотлари деярли бир хилдек туюлади. Ўсиш учун яна нималар қиласилар?
- Аввало, барчаси мураббийга боғлиқ, деб ўйлайман. Саволингиз жудаям ўринли. Илгари мен ишлаган мураббий билан ҳар сафар бир хил машқни бажараверардим. Ҳозирги устозим Денис Иванков бўлса турли туман машқларни юклаб келмоқда. Ростини айтсам, Иванков билан нечта машғулот олиб борган бўлсам, ҳар сафаргиси ҳар хил бўлган. Шунингдек, бир нарса мени хурсанд қилади. Денис Иванков ёш мутахассис. Балки шунгадир, балки унинг ўзи шундайдир – у жудаям талабчан ва ранг-барангликка интилувчи тиришқоқ инсон. У ҳар машғулотдан олдин барча дарвозабонларни йиғиб, ўз тузиб чиққан машғулот режасини қоғозда тушунтириб ўтади. Кейин машғулот чоғида айнан ўша дастур устида ишлаймиз.

- Сизнингча, машғулотларда дарвозабонлар кўпроқ тер тўкадими ёки футболчиларми?
- Учрашувлар пайтида дарвозабонлар ўз жойида туради. Футболчиларга қараганда жудаям кам югуради ва камроқ меҳнат қилади. Бироқ машғулотларда буни акси бўлади. Очиғини айтсам, дарвозабонлар машғулотлар чоғида футболчиларга нисбатан 3-4 баробар кўп меҳнат қилади.

- Забаларни қайтариш учун тўпга отиласилар. Машғулот ёки учрашувлардан сўнг баданингиздаги оғриқ қанчалик даражада билинади?
- Ёшлик пайтида қўлларим, оёқларим ва елкаларим шилинарди ва оғриқ кучли тарзда сезиларди. Ҳозир бўлса, умуман оғриқ билинмайди. Қайтанга, қанча узоққа сакрасак ёки думаласак шунчалик завқли.

- Ватанимизнинг биринчи рақамли посбони Игнатий Нестеровни олдига бориб ундан керакли кўрсатмаларни олишга интилганмисиз?
- Сўнгги пайтларда миллий ва олимпия терма жамоаларимиз кўп марта бирга йиғилиб, машғулотлар олиб боришига тўғри келмоқда. Ана ўша пайтларда Нестеров менга асқотади. Ундан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қиламан. Игнатий машғулотлардаги ҳаракатларимни кўриб, бу ҳислатинг яхши, фалон машқ бўйича янада кўпроқ ишла, деб камчиликларимни айтиб туради.

- Пенальти қайтариш учун алоҳида ишлайсизларми ёки бу стандартга шунчаки лоторея сифатида қарайсизларми?
- Албатта, машғулотлар пайтида бу борада ишлаб борамиз. Лекин ҳеч бир дарвозабон пенальти қайтариш учун нималарга аҳамият беришини айтмаса керак. Чунки бу биз дарвозабонларнинг ўзига хос сиримиз ҳисобланади.

- Чилилик дарвозабон Хосе Луис Чилаверт жарима зарбалари ва пенальти тепиш борасида етакчи ҳисобланган. Сизда ҳам стандарт вазиятларини тепишга қизиқиш ёки иштиёқ борми?
- Ўзим шу амплуа вакили бўлганим учун негадир дарвозага зарба беролмайман. Ҳатто машғулотларда ҳам.

- Олимпия терма жамоада асосий дарвозабон ҳисоблансангиз-да, клубингиз “Машаъл”да мунтазам равишда дарвозани қўриқламайсиз. Бу нимадан далолат, “Машаъл” устозининг Сизга ишонмаганиданми ёки рақобатнинг кучлилигиданми?
- Яқинда шу масала юзасидан клубдаги мураббийим билан гаплашдим. Улар вазиятни менга тўлиқ тушунтириб бердилар ва уларнинг қароридан ҳеч ҳам ҳафа бўлганим йўқ. “Машъал” мураббийи Владимир Фомичёв мен билан суҳбатлашганида “Сен кўп ҳолларда олимпия терма жамоамиз билан бирга бўласан. Узоқ йўлларда юриб, толиқасан. Клуб ихтиёрига қайтгач, 2-3 кундан кейин ўйинлар бўлади. Борди-ю, Сени майдонга туширсам ўзинг билмаган ҳолда ҳато қилиб қўйишинг ва бу ҳато келажакдаги фаолиятинга кескин таъсир кўрсатиб юбориши мумкин” дедилар.

- Ҳам терма жамоада, ҳам клубда мунтазам майдонга тушиш учун пойтахт жамоаларида ўйнаш керакдир (хазил савол)?
- Балки (кулади).

- Санжар Қувватовнинг кучлироқ жамоага ўтиш пайти келмадими?
- Ростини айтсам, ўзимга ҳеч қандай таклифлар тушганича йўқ. Чорлов бўлган тақдирда ҳам уни кўриб чиқа олмайман. Чунки “Машъал” клуби билан тузган шартномам яна бор.

- Вадим Абрамов фақат футболчилар билан ишлайдими ёки дарвозабонларга ҳам маълум вазифаларни топшириб, Силарга керакли кўрсатмаларни уқтириб турадими?
- Вадим Карленович, майдон ташқарисида ҳамма билан бир хил муносабатда бўлади. Уни одам ажратганини ҳеч ҳам кўрмаганман. Машғулотлар чоғида эса биз Денис Иванков билан ишлаймиз. Абрамов унга ишонганлиги учун Иванковни термага чақирган.

- Бирон нарсага эришиш учун бошқасидан воз кечиш керак, деган гап бор. Сиз дарвозабонликни танлаганингиздан сўнг, нималардан воз кечишингизга тўғри келган?
- Оддий инсонлар истаган пайтида кўчага чиқиши, дўстлари билан учрашиши ва ҳохлаган жойига сафар қилиши мумкин. Биз футболчиларнинг қатъий режим дастури бор. Ундан чиқиб бўлмайди. Доимо уйдан узоқда юришимизга тўғри келади. Ҳатто ўз акамнинг тўйида тўлиқ қатнаша олмаганман ҳам. Эрталаб тўйни бошлаб, кейин терма жамоа ихтиёрига қайтиб кетишимга тўғри келган.

- Сизнингча, таниқли футболчи бўлиб етишиш учун шаҳар марказларида ёки пойтахтда истиқомат қилиш шартми?
- Йўқ, мен бу фикрга мутлақао қўшила олмайман. Ўзимни мисолимда айтишим мумкинки, ўзим Қашқадарё вилоятининг Касби деган туманиданман. Бундай жой борлигини кўпчилик ҳатто билмайди ҳам. Инсон ўз устида ишласа ва шу соҳани қаттиқ ушласа, уни албатта керакли инсонлар пайқашади ва топишади.

- Бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз?
- Кўпроқ оилам ва ўртоқларим даврасида бўлишга интиламан. Туркча ашулалар тинглашим ёки ўзбек киноларини томоша қилишим мумкин. Ҳозирда кўпчиликнинг жону дилига айланиб қолган интернет ёки компьютер ўйинларига унчалик меҳрим баланд эмас.

- Таълимга қизиқишингиз қанақа?
- Ростини айтсам, ўқишга берилмаганман. Мактабда биргина Биология фанидан бешга ўқиганман. Қолган фанлардан олган баҳоларим билан мақтана олмайман.

- Оилангиз ҳақида маълуот бериб ўтсангиз.
- Беш кишидан иборатмиз. Дадам – Ҳошимжон ака, онам – Рима опа. Катта акам – Элбек. Ўртанчи ўғим ўзиман. Кенжамиз – Шаҳзод. Оиламиздаги барчани футболчи, десам муболаға бўлмайди. Акамнинг соғлиги йўл қўймаганлиги учун ўз фаолиятини тўхтатди. Укам айни пайтда “Шўртан” жамоаси ёшлари сафида ҳаракат қиляпти.

- Бўйдоқликдан воз кечиб, оила қуришга шошилмаяпсизми?
- Ҳозирча уйланиш ҳақида ўйлаб кўрганимча йўқ. Лекин турмуш қурмоқчи бўлган севган қизим бор. Ҳафа бўлмасангиз, ёқтирганимни исмини ошкор қилмасам.

- Қайси жамоаг мухлислик қиласиз?
- “Челси” ва “Реал” жамоалари ишқибозиман.

Учрашувлар
19.11.2017. 14-00

Нефтчи

Машъал
2:1
Олий лига
25.11.2017. 14-00

Машъал

Динамо
:
Олий лига
Турнир жадвали

1 Локомотив 28 59-17 64
2 Насаф 28 54-17 59
3 Пахтакор 28 44-24 56
4 Бунёдкор 28 42-26 49
5 Бухоро 28 41-37 43
6 Навбахор 28 38-35 43
7 Машъал 28 38-29 41
8 Қўқон-1912 28 40-43 41
9 Олмалиқ 28 27-30 38
10 Металлург 28 41-37 37
11 Қизилқум 28 31-38 33
12 Динамо 28 23-29 32
13 Сўғдиёна 28 31-49 28
14 Нефтчи 28 24-46 24
15 Шўртан 28 27-51 23
16 Обод 28 15-67 9

1 Бунёдкор 27 47-31 54
2 Пахтакор 27 47-29 51
3 Бухоро 27 55-35 47
4 Қўқон-1912 27 39-29 47
5 Насаф 27 50-40 43
6 Шўртан 27 36-29 42
7 Олмалиқ 27 44-36 41
8 Машъал 27 41-34 41
9 Нефтчи 27 45-40 36
10 Металлург 27 36-41 36
11 Локомотив 27 35-40 34
12 Қизилқум 27 39-44 33
13 Сўғдиёна 27 40-51 26
14 Динамо 27 24-42 26
15 Навбахор 27 28-54 25
16 Обод 27 28-59 15
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
Хумоюн Муртозоев
Ҳужумчи
08.11.1992
Кучимов Илҳом Орифович
Хисобчи
26.11.1987
+ + +