ЯНГИЛИКЛАР » ОЛИЙ ЛИГА
ЯНГИЛИКЛАР » ОЛИЙ ЛИГА

«МАШЪАЛ» ИККИНЧИ ДАВРАДАГИ ИЛК УЧ ОЧКОНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Киритилган сана: 01.08.2011.

«Машъал» иккинчи даврадаги дастлабки учрашувни ўз майдонида «Металлург»га қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида зафар қучди. Эсингизда бўлса, биринчи давранинг охирги туридан ўрин олган учрашувда «газчилар» сафарда 1:3 ҳисобида мағлубиятга учрашганди. Шу боис жавоб баҳсида муборакликлар ғалаба қозониш учун астойдил тер тўкишди ва натижада битта тўп фарқи билан зафар қучишга муваффақ бўлишди.

Дарвоқе, ўйиндан олдин клубимизнинг тажрибали ҳужумчиси Зафар Холмуродовга олий лигада 100тадан кўп гол уриб, Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клуби аъзоси ҳисоблангани учун эсдалик нишони топширилди. Ушбу нуфузли мукофотни ЎФФ қошидаги фахрийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Тўлаган Исоқов ҳамда «Машъал» футбол клуби президенти Шермат Шамсиев топширди.

Шундан сўнг жамоалар майдон марказига келиб, Бахтиёр Намозовнинг ҳуштагидан сўнг ўйинни бошлашди. Баҳснинг дастлабки дақиқалари бироз сокин кечди. Негаки ўйин 18:30да бошланган бўлишига қарамай, ҳаво анча иссиқ ва дим эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳар иккала жамоа аъзолари оғир ҳаракат қилишди. Аммо «Машъал»га кўпроқ ғалаба керак эмасми, Владимир Фомичев шогирдлари тезкор гол уриш пайида бир нечта хавфли ҳужумларни юзага келтиришди. Ҳужумларни юзага келтиришда айниқса Ботир Қодирқулов, Зафар Холмуродов, Шуҳрат Муҳаммадиев ҳамда Аббос Шодмонов каби футболчилар анча тер тўкишди. Айтганча, шу куни «Насаф»дан яна «Машъал»га қайтган Самандар Шодмонов икки йиллик танаффусдан сўнг муборакликлар сафидаги илк ўйинини ўтказди ва айтиш мукинки, ўзидан ёмон таассурот қолдирмади.

Баҳснинг 25-дақиқасига келиб ҳисоб очилди. Бу вазиятда меҳмонлар жарима майдончаси ичида юзага келган хатодан Аббос Шодмонов унумли фойдаланиб, осонлик билан Маъмур Икромов қўриқлаган дарвозани ишғол қилди. Унгача эса Зафар Холмуродов ҳам тўп киритиши мумкин эди, бироқ қашқадарёлик ҳужумчидан очиқчасига омад юз ўгирди.

Майдон эгалари ҳисобда олдинга чиқиб олгач, яна ҳужумга зўр беришди. «Металлург» эса ўз омадини қарши ҳужумларда синаб кўришга ҳаракат қилди. Дарвоқе, бу ўйинда меҳмонлар бироз асабий ҳолда тўп суришди, шунинг учун ҳам уларнинг уч нафар футболчиси ҳакам томонидан сариқ карточка билан «сийланди». Мезбонлар эса ўзларини босиб олган ҳолда тўп тепишгани боис бизнинг ўйинчилардан ҳеч ким огоҳлантириш олмади. Биринчи таймнинг 39-дақиқасига келиб ҳисоб 2:0 кўринишини олди. Бу вазиятда яна тиниб-тинчимас Аббос Шодмонов катта саҳнага чиқиб, чап тарафдан жарима майдончаси сари ёриб кирган ҳолда дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. Шу тариқа «Машъал» 2:0 ҳисобида танаффусга чиқиб кетди.

Танаффусдан кейин ўйин биринчи бўлимдагига нисбатан анча тезлашди. Анча салқин тушиб қолгани сабаб энди томонлар янада дадилроқ ҳаракат қила бошлашди. Айниқса захирадан майдонга туширилган Ғуломҳайдар Ғуломов ёш бўлишига қарамай, ўзининг ўткир тўп узатишлари билан ажралиб турди. Шунингдек, Насим Шоимов ҳам майдонга тушгач, ўйинни кучайтиришга муваффақ бўлди. Рустам Мирсодиқов танаффусдан кейин бирданига иккита ўзгаришни амалга оширди. Лекин бу ўзгаришлар «Металлург»ни мағлубиятдан қутқариб қола олмади. Фақат ўйиннинг 87-дақиқасига келибгина меҳмонлар гол уришнинг уддасидан чиқишди. «Машъал» ҳимоячиларидан абжирлик билан ўзиб кетган Илёс Қурбонов чиройли тарзда дарвозага тўп киритди. Қолган дақиқаларда эса дарвозаларга бошқа тўп киритилмади ва шу тариқа «Машъал» иккинчи даврадаги дастлабки учрашувда ғалабани тантана қилди. Энди жамоамиз навбатдаги баҳсни 5 август куни сафарда «Навбаҳор»га қарши ўтказади. «Металлург» эса худди шу куни ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилади.

«МАШЪАЛ» - «МЕТАЛЛУРГ» - 2:1
Голлар:
Аббос Шодмонов 25, 39 – Илёс Қуцрбонов, 87 
«Машъал»: Павел Давидов, Алик Ҳайдаров (Ихтиёр Тошпўлатов, 74), Дилявер Ваниев, Самандар Шодмонов, Зафар Холмуродов (Ғуломҳайдар Ғуломов, 46), Игорь Петкович, Габит Сапаргалиев, Шуҳрат Муҳаммадиев, Аббос Шодмонов (Насим Шоимов, 65), Ботир Қодирқулов, Шерзод Файзиев.
«Металлург»: Маъмур Икромов, Одил Исабоев, Ҳикмат Ҳошимов, Дилмурод Каримов, Сардор Расулов (Ғулом Ҳалимтоев, 60), Шуҳрат Йўлдошев, Файзулло Аҳмедов (Даврон Каримқулов, 46), Зоҳид Абдуллаев, Илёс Қурбонов, Дониёр Одилов, Абдували Мўминов (Саидкомил Акбаров, 46).
Огоҳлантиришлар: Ф.Аҳмедов, 31. Д.Одилов, 66. Д.Каримқулов, 70 (барчаси «Металлург»).
Энг яхши ўйинчилар: И.Петкович – И.Қурбонов.
Ҳакамлар: Б.Намозов – 8,5. Н.Рўзиев – 8,9. О.Давлетов – 8,6. И.Ибрагимов - 9.
Назоратчи: Р.Айтеков.
31 июль. Муборак. «Б.Вафоев» номли стадион. 2657 томошабин.

Учрашувлар
2018-11-19 14:30

Машъал

Андижон
4:1
ПРО Лига "А"-гуруҳи
2018

Машъал

Машъал
:
ПРО Лига "А"-гуруҳи
Турнир жадвали

1 Машъал 32 54-27 63
2 Андижон 34 58-34 63
3 Истиқлол 31 52-30 57
4 Динамо 31 44-25 52
5 Сурхон 32 58-40 50
6 Шўртан 32 33-45 37
7 Хоразм 32 51-70 33
8 Орол 31 33-69 23
9 Норин 33 26-69 21

1 Локомотив 1 3-0 3
2 Пахтакор 1 2-0 3
3 Бухоро 1 1-0 3
4 Бунёдкор 1 1-0 3
5 Нефтчи 1 0-0 1
6 Насаф 1 0-0 1
7 Металлург 0 0-0 0
8 Навбахор 0 0-0 0
9 АГМК 1 0-1 0
10 Қўқон-1912 1 0-1 0
11 Сўғдиёна 1 0-2 0
12 Қизилқум 1 0-3 0
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
+ + +