ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР
ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР

Аброр ПИРРИЕВ: «БИЗНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММО - СПОРТ ШИФОКОРЛАРИ УЧУН МАРКАЗНИНГ ЙЎҚЛИГИ»

Киритилган сана: 10.04.2009.

Одатда мураббий ва футболчилар ҳақида кўп ёзамиз. Вақти-вақти билан жамоани бошқараётган раҳбарлар борасида ҳам маълумот бериб турамиз, улар билан интервьюлар уюштирамиз. Аммо жамоада ишлаётган шифокорларга кўп ҳам эътибор бермаймиз, матбуот учун улар гўёки иккинчи даражали кишилардек кўринади. Лекин бундоқ ўйлаб қарасак, шифокорнинг вазифаси бош мураббийникидан кам эмас. Фақат улар одамлар диққат-марказидан узоқда туришгани туфайли шифокорларга унчалик эътибор бермаймиз. Биз шифокорнинг клубдаги вазифаси нималардан иборат деган саволга жавоб топиш ҳамда уларнинг ишига чуқурроқ кириб бориш мақсадида анчадан бери тиббиёт соҳаси вакили билан суҳбат қилишни мўлжаллаб юргандик. Шу боис ҳам бугунги суҳбатдошимиз "Машъал" клубининг шифокори Аброр Пирриев. Бу йил 28 ёшни қарши олган Аброр 2007 йилдан бери Муборак жамоасида ишлаб келяпти.

- Айтинг-чи, футбол клубида ишлаётган шифокор билан касалхонада ишлайдиган шифокор ўртасида фарқ борми?
- Фарқи шундаки, касалхонада ишлайдиган шифокорнинг иш вақти белгиланган бўлади. Масалан, 9.00дан 18.00гача. Улар беморни кўришади, дори-дармон ёзиб беришади ва иш вақти тугаганидан кейин уйга кетишади. Футбол клубида ишлаётган шифокор учун эса жамоа гўёки иккинчи оиласи ҳисобланади. Бу ерда шифокорнинг вазифаси футболчи фақат жароҳат олганида даволаш эмас, балки ҳар доим унинг руҳиятига қулоқ тутиши, қувончли-ғамли кунларида бирга бўлиши ҳам талаб этилади. Бир сўз билан айтганда, футболда фаолият олиб бораётган шифокорлар 24 соат жамоа билан бирга бўлишади, улар сафарга кетса қўшилиб кетади. Хуллас, биз учун иш соати деган тушунча йўқ, ҳар доим жамоа билан биргамиз.

- Ёш бўлишингизга қарамай, олий лига клубида ишлаш қийин эмасми?
- Тўғрисини айтсам, бу ерга келишдан олдин диспансерда ишлаб юрган кезларим "Машъал"да ишлаш менга ёқиб қолади деб ўйламагандим. Лекин қайси ишга қул урмайин охиригача етказиб қўйишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам кейинроқ ишим жудаям ёқиб қолди. Спорт соҳасида ишлаш нима эканлигини янада чуқурроқ англаб ета бошладим. Бунда ўзига яраша қийинчиликлар ҳам бор, лекин мен барча машаққатларни енгиб ўтишга ҳаракат қиляпман.

- Ишингизнинг қизиқ томонлари нимада?
- Қизиқ томонлари ҳақида гапирадиган бўлсам, жамоамиз жудаям аҳил. Бу эса футболда муҳим аҳамият касб этади. Биласиз, футболда турли натижалар қайд этилиб туради. Биз ютсак ҳам, ютқазсак ҳам доим биргамиз. Футболчиларимизнинг кўпчилиги ёшлардан иборат. Ўзим ҳам ёш бўлганим туфайли улар билан чиқишиб кетишим осон кечяпти. Кўпчилик ўйлайди, шифокор ўйин пайтида заҳира ўриндиғида ўтиради ва кимдир жароҳат олиб қолгудек бўлса дарҳол майдонга тушиб унга ёрдам беради ва шу билан иши тугайди. Йўқ, аслида бундай эмас. Майдонга чиқиб жароҳат олган футболчига ёрдам беришимиз ишимизнинг энг осон қисмига киради. Вазифамизнинг энг оддийси шу. Майдондан ташқаридаги иш эса шифокор учун энг қийини ҳисобланади. Қиладиган ишимиз кўп. Масалан, ҳар куни эрталаб ўйинчиларнинг вазнини, пульсини текширамиз. Машғулотларга тайёрлаймиз. Машғулотдан кейин эса футболчиларни яна бирма-бир текшириб чиқамиз, кимдир қаттиқ толиққан, кимдир эса жароҳат олган бўлиши мумкин. Шунингдек, овқатланиш рецептини тузиб чиқиш ҳам шифокор вазифасига киради. Турли вилоятларга борганимиз учун футболчилар қаерда, қандай таомларни истеъмол қилишлари кераклигини белгилаб берамиз. Шифокор ошхонага энг биринчи бўлиб киради ва энг охирида овқатланади.
   
- Ўйиндан олдин бош мураббий асосий таркибда тушадиган футболчиларни аниқлаб олаётганда сиз билан маслаҳатлашадими?
- Албатта. Айтайлик, жамоа бугун икки марта машғулот ўтказиши керак. Шифокор ҳар бир машғулотдан олдин ва кейин ўйинчиларни бирма-бир назоратдан ўтказади. Биз ҳар бир футболчининг соғлиги тўғрисида бош мураббийга ҳисобот берамиз. Масалан, кимдир бетоб бўлиб майдонга туша олмайдиган ҳолатда бўлса, буни дарров бош мураббийга етказамиз. Шундан сўнг мураббийлар бошқа вариантларни қидиришади.

- Баъзан ҳар хил гапларни эшитамиз, масалан, Муборакда ҳаводан газ ҳиди келиб туради. Бу гап ростми ва ўйинчилар бу ернинг об-ҳавосига қандай мослашишади?
- Тўғри, Муборакда ҳаво тез-тез ўзгариб туради. Баъзан шундай бўладики, худди газдан нафас олаётгандек бўласиз. Баъзан эса тоза ҳаводан нафас оласиз. Бу ерда тўп суришнинг энг яхши томонларидан бири- майдон сифати яхши эканлигида. Чунки ўйинчилар доим яхши майдонда тўп суришни хоҳлашади. Клубнинг Янгиердаги базасида сунъий майдон ҳам бор, фақат бунда машғулот ўтказилганидан сўнг футболчиларнинг тез-тез тиззаси оғриб қолади. Шундай экан, табиий майдонда шуғулланишга нима етсин. Муборакка мослашиш ҳар кимда ҳар хил кечади. Кимдир янги муҳитга тез кўникиб кетади, кимдир секин-асталик билан.

- Ҳозирда спортга ихтисослашган шифокорларни қийнаётган асосий муаммолар нимада?

- Гап шундаки, бизда айнан спорт соҳасида ишлайдиган шифокорларни ўқитадиган марказлар йўқ. Балки бу шифокорлар малакасини ошириш институтида бордир, аммо мен кўрмаганман. Ўзингиз яхши биласиз, бизда клублар мураббийлари йилда бир-икки бор йиғилиб ўқув-курсларида малака ошириб туришади ва турли лицензиялар бўйича таҳсил олишади. Лекин шифокорлар учун бундай марказ ёки ўқув маскани йўқ. Ҳамма ўзича муаммосини ҳал қилади ва ўзи маъқул кўрган жойда ўқийди. Масалан, ўзим чет элда ўқиб келдим ва "Машъал" раҳбарияти кўмаги билан УЕФА лицензиясини қўлга киритдим. Аммо ўзимизда шифокорларни лицензия бўйича ўқитадиган ва турли семинарларни ташкил қилиб берадиган масканни кўрмадим. Шифокорларни қийнаётган яна бир муаммо шундаки, ўзимизда айнан спортдаги жароҳатларни даволашда зарур бўладиган дори-дармонларни сотадиган дорихоналар йўқ. Ўз вақтида чет элда шундай дорихоналарни учратгандим. Спортга ихтисослашган дорихона умуман алоҳида бўлиши ва у ерда ўйинчи жароҳат олганда керак бўладиган дорилардан тортиб турли витаминларгача сотилиши лозим. Бундан ташқари, мамлакатимизда айнан спортга ихтисослашган шифокорлар сони жудаям камчиликни ташкил қилади. Бундай олиб қарасак, ўртамизда жиддий рақобат йўқ ҳисоби. Бизда республика бўйича фақат битта спорт жароҳатлари маркази бор, у ҳам бўлса Жар ўйингоҳида жойлашган.

- Футболчи учун энг оғир жароҳат нима?
- Албатта, оёқдан олинган жароҳат. Футбол бу - аввало оёқда ўйналадиган спорт тури. Шунинг учун ҳам футболчини оёғи боқади деган гап бор. Агар кимдир қўлидан ёки елкасидан жароҳат олса, бу унчалик жиддий кўринмаслиги мумкин. Аммо оёқдан олинган жароҳатни даволаш анча узоқ давом этади ва ўйинчининг тикланиш жараёни кўпроқ муддатга чўзилади. Оёқ жароҳатлари хилма-хил кўринишда бўлади, булар ичида энг ёмони суяк синиши.

- "Машъал"га янги футболчилар келганда уларнинг жамоага мослашиб кетиши учун қанча вақт керак бўлади?
- Футболчилар биринчи навбатда клуб шифокорига тезда мослашиб олишади. Чунки янги келган ўйинчилар билан аввало биз мулоқотда бўламиз, уларнинг соғлиги, муаммолари ҳақида сўраймиз. Эътибор берсангиз, чет эл клубларида футболчи янги жамоаси билан шартнома тузишдан олдин албатта тиббий кўрикдан ўтади. Аммо бизда шу нарса оқсаяпти. Бизнинг жамоалар эса аввал шартнома тузиб, кейин футболчини тиббий текширувдан ўтказишади. Агар ўйинчининг бирор ери оғриётган бўлса сўнгра уни даволаб юришади.

- Кўпинча футболчилардан шундай гапларни эшитиб қоламиз: "Жароҳатим бор эди, шу боис укол билан майдонга тушдим". Бу қандай укол, мабодо тақиқланган дори эмасми?

- Йўқ, бу ҳеч қандай тақиқланган укол эмас. Айтайлик, кимнингдир грижаси бор ва оғриқ унга тез-тез азоб бериб туради. Бу вазиятда футболчи оғриқ бўлиб қолмаслиги учун укол олиб тўп суришга мажбур.

- Бизда допинг-назорати борми?
- Йўқ. Билганим шуки, федерация допинг-назоратни йўлга қўймаган. Аммо клуб халқаро майдонларда тўп сурганда ўйинчилар текшириб турилади. Футболчининг тақиқланган модда истеъмол қилган-қилмаганини текшириш қийин эмас. Масалан, ўйиндан кейин уч-тўртта футболчига пиво ичирилади ва уларнинг сийдиги текширилади. Шу тариқа ўйинчининг қонида тақиқланган модда бор-йўқлиги аниқланади.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.
Учрашувлар
2018-11-19 14:30

Машъал

Андижон
4:1
ПРО Лига "А"-гуруҳи
2018

Машъал

Машъал
:
ПРО Лига "А"-гуруҳи
Турнир жадвали

1 Машъал 32 54-27 63
2 Андижон 34 58-34 63
3 Истиқлол 31 52-30 57
4 Динамо 31 44-25 52
5 Сурхон 32 58-40 50
6 Шўртан 31 33-45 36
7 Хоразм 31 51-70 32
8 Орол 31 33-69 23
9 Норин 33 26-69 21

1 Локомотив 1 3-0 3
2 Пахтакор 1 2-0 3
3 Бухоро 1 1-0 3
4 Бунёдкор 1 1-0 3
5 Насаф 1 0-0 1
6 Нефтчи 1 0-0 1
7 Навбахор 0 0-0 0
8 Металлург 0 0-0 0
9 АГМК 1 0-1 0
10 Қўқон-1912 1 0-1 0
11 Сўғдиёна 1 0-2 0
12 Қизилқум 1 0-3 0
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
Ильясова Лола Анваровна
КАДРЛАР БЎЛИМИ НАЗОРАТЧИСИ
07.12.1985
Ниёзов Ахрор Шуркиллоевич
Массажчи
31.12.1992
+ + +