ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР
ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР

Денис ИВАНКОВ: «ДАРВОЗАБОН ДАРВОЗАДА ТУРМАЙДИ, БАЛКИ ЎЙНАЙДИ»

Киритилган сана: 08.11.2009.

Ўз вақтида олий лиганинг бир қатор клубларида тўп сурган Денис Иванков айни пайтда Ўзбекистон ёшлар термаси ҳамда "Машъал" клубида дарвозабонлар бўйича мураббий бўлиб ишламоқда. Яқинда бу мураббий “Футбол экспресс” газетасига интервью бериб зининг иши ва дарвозабонлар ҳақидаги фикри тўғрисида гапириб берди.

- Суҳбатни одатий савол билан бошласак: "Машъал"га келишингиз қандай рўй берди?
- Дастлаб биринчи лигадаги "Машъал-Спорт"га келгунимга қадар Украинада фаолият олиб бораётгандим. Лекин у ердаги жамоа молиявий муаммоларга дуч келганидан сўнг Тошкентга қайтишга қарор қилдим. Орадан кўп ўтмай эса биринчи лигада иштирок этган "Машъал-Спорт"дан таклиф тушди ва шундан сўнг Муборакда ишлашга бажонидил рози бўлдим. Иккинчи даврадан бошлаб эса олий лигадаги "Машъал"да ишлаб келяпман. Украинага кетмасимдан олдин "Кимёгар"да, "Пахтакор"да, шунингдек 2004-2005 йиллари ҳам "Машъал"да фаолият олиб боргандим. Мана кўриб турганингиздек, яна бу жамоада ишлаш насиб этди. Бунинг учун клуб вице-президенти Баҳром Давлатовга алоҳида миннатдорчилик айтиб қўймоқчиман. Муборак жамоасида олдин ишлаганимда қўл остимда уч нафар "Паша" шуғулланарди - Павел Бутенко, Павел Матус ҳамда Павел Синельников. Шу боис чалғиб кетмаслик учун уларни ном билан чақирмасдим, балки уларга биринчи-иккинчи-учинчи рақамларни қўйиб олгандим ва шу рақам билан чақирардим.

- Мураббийлик бўйича қаерда таҳсил олгансиз?
- Украинада. Аввалига "В" кейин эса "А" лицензияси учун қўидим. Ҳозир менда УЕФАнинг "А" лицензияси бор.

- Нега айнан дарвозабонлар бўйича мураббийликни танладингиз?
- Чунки ўзим ҳам вақтида дарвозабон бўлганим учун. Янада жиддийроқ гапирадиган бўлсам, футболдаги фаолиятимни тугатганимдан сўнг ўзимга ўзим мураббий бўлиб ишласам ёшларга ниманидир ўргата оламанми деган саволни бериб кўрдим. Кейин балки қўлимдан келиб қолар деган ниятда ўқишни ва мураббийлик ишини бошлаб юбордим. Шундан бери дарвозабонлар билан ишлаб келяпман.

- Ҳозир "Машъал"да Санжар Қувватов, Элдор Исабоев, Дилмурод Тошматов, Павел Синельников сингари дарвозабонлар бор. Уларнинг ҳар бири тўғрисида қандай фикрдасиз?
- Ўйлайманки, Санжар Қувватовни келажакда ажойиб фаолият кутиб турибди. Агар у ишлашдан тўхтаб қолмаса ҳали кўп нарсага эришади. Менга Санжарнинг ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйини ёқди. Ҳозир машғулотларда у билан ишлаш жуда ёқяпти. Элдор Исабоев ҳақида гапирадиган бўлсам, у ҳам Санжар каби ёш ҳамда ажойиб кўрсаткичларга эга. Лекин у янада ўсиши учун кўп ишлаши керак. Дилмурод Тошматов тўғрисида эса очиғи гапиргим келмайди. Негаки у ўз ишига профессионалларга хос тарзда ёндошмайди. Дилмурод иккинчи давра бошларида "Машъал"га келганди, кейин кетиб қолди. У кетганидан бери менга қўнғироқ қилмай қўйди. Билишимча, даволанаётган экан. Лекин даволаниб бўлганидан кейин ҳам келмасдан индамай юрибди. Павел Синельников эса ўз ишига жиддий ёндошади. Синельников энди ёш дарвозабон эмас, бу ёшда у асосий таркибда тўп суриши лозим. Аммо тез-тез жароҳат олиши Пашага қийинчилик туғдиряпти. Агар Синельников мунтазам майдонга тушадиган бўлса, у ҳам ўзини кўрсата олади.

- Сиз "Машъал"дан ташқари Ўзбекистон ёшлар термасида ҳам ишлаб келяпсиз. Бундан чиқдики, кўплаб дарвозабонларнинг ҳатти-ҳаркатларини кузатиб борасиз.
- Ҳа, албатта. Масалан, ўйин пайтида мен фақат ўзимизнинг дарвозабонни эмас, балки рақиб жамоа посбонини ҳам кузатиб бораман. Ҳозирги кунда ўзбекистонлик жуда кўплаб дарвозабонлар билан гаплашиб тураман десам муболаға бўлмайди. Ёш дарвозабон Никита Рибкиндан тортиб тажрибали Павел Бугалогача. Ўзим учун алоҳида дафтар тутганман, доим қайси дарвозабон нечта ўйинда майдонга тушгани-ю, нечта гол ўтказганини ёзиб бораман.

- Одатда биз кимнинг нечта ўйинда қанча гол ўтказганига қараб дарвозабонларга баҳо берамиз. Бу тўғрими?
- Буни тўғри баҳо бериш деса бўлади. Чунки менинг фикримча яхши дарвозабон ҳеч қачон кўп гол ўтказиб юбормайди. Агар фалончи посбон кўп тўп ўтказиб юборяптими, демак у ўз устида ишламаётган бўлиб чиқади.

- Сизнингча, ҳозирги кунда мамлакатимизнинг энг яхши дарвозабонлари кимлар?
- Санжар Қувватов, Игнатий Нестеров ва Павел Бугало. Менга шунингдек, "Олмалиқ" дарвозабони Юрий Хриенко ҳам ёқди, гарчи у легионер бўлса-да. Ундан кейинги ўринга эса Михаил Наумовни қўйган бўлардим.  

- Қандай айтган маъқул: дарвозабон дарвозада турадими ёки ўйнайдими?
- Агар биз дарвозада фалончи турибди десак хато гапирган бўламиз. Чунки фақат жонсиз нарсагина бир жойда қаққайиб туради. Дарвозабон эса одам. Шундай экан дарвозабон дарвозада турмайди, балки ўйнайди.  

- Бир гал Вадим Абрамовдан интервью олганимда шундай деганди: "Авваллари бизда дарвозабонлар билан ишловчи мураббийлар йўқ эди, аммо яхши дарвозабонлар бор эди. Ҳозир бўлса мураббийлар кўпайиб кетди-ю, бироқ яхши дарвозабонлар камайиб кетди".
- Энди футболда ҳамманинг ҳам фикри бир хил бўлмайди. Вадим Абрамов шундай дебдими, демак унга шунақа туюлган. Бир томондан у кишининг айтганлари тўғри, чиндан ҳам олдин дарвозабонлар билан алоҳида ишлайдиган мураббийлар йўқ эди, лекин жуда кучли посбонлар бор эди. Ҳозир ҳам кучли дарвозабонлар йўқ эмас, аммо янада зўр дарвозабонлар етишиб чиқиши учун ҳали кўп ишлашимиз керак.

- Машғулотлар пайтида дарвозабонлар билан ишлашнинг алоҳида жиҳатлари нимада?
- Ўйинга икки-уч кун қолганда жиддий машғулот олиб бориш шарт. Аммо ўйиндан 15-20 дақиқа олдинги машғулот айниқса асосий тарикбда майдонга тушадиган дарвозабон учун ўта енгил бўлиши лозим. Эътибор берсангиз, ўйиндан олдинги машғулот пайтида футболчилар дарвоза томон зарба беришади, дарвозабон эса уларни қайтаришга ҳаракат қилади. Лекин менинг фикримча, асосий таркиб дарвозабони билан бундай ишламаслик керак. Чунки дарвозабон ўйиндан олдинги машғулотларда тўпни ўтказиб юборса руҳан синишни бошлайди. Негаки зарба бераётган футболчи бу вазиятда фақат гол уриш тўғрисида ўйлайди. Дарвозабон тўпларни ўтказиб юбораверса, ўйин пайтида ҳам ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Шу боис ҳам мен ўйиндан олдин заҳирадаги посбонни дарвозага қўяман. Асосий таркибда тушадиган дарвозабон эса мен билан енгил машқларни бажаради. Ўйиндан олдин жамоанинг асосий дарвозабони тўпларни қайтариш билан шуғулланиши шарт эмас, асосийси у енгил машқлар орқали машғулотдан роҳат олса бўлгани.

Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.
Учрашувлар
2018-11-19 14:30

Машъал

Андижон
4:1
ПРО Лига "А"-гуруҳи
2018

Машъал

Машъал
:
ПРО Лига "А"-гуруҳи
Турнир жадвали

1 Машъал 32 54-27 63
2 Андижон 34 58-34 63
3 Истиқлол 31 52-30 57
4 Динамо 31 44-25 52
5 Сурхон 32 58-40 50
6 Шўртан 32 33-45 37
7 Хоразм 32 51-70 33
8 Орол 31 33-69 23
9 Норин 33 26-69 21

1 Локомотив 1 3-0 3
2 Пахтакор 1 2-0 3
3 Бухоро 1 1-0 3
4 Бунёдкор 1 1-0 3
5 Нефтчи 1 0-0 1
6 Насаф 1 0-0 1
7 Металлург 0 0-0 0
8 Навбахор 0 0-0 0
9 АГМК 1 0-1 0
10 Қўқон-1912 1 0-1 0
11 Сўғдиёна 1 0-2 0
12 Қизилқум 1 0-3 0
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
+ + +