ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР
ЯНГИЛИКЛАР » БОШКА ЯНГИЛИКЛАР

«НАСАФ» ВА «МАШЪАЛ» АКА-УКА ЭМАС!

Киритилган сана: 07.09.2010.

«Интерфутбол» газетасининг 20 август (жума) куни чиққан сонида Шоҳруххон Турғунов исмли футбол мухлисининг мақоласи чоп этилди. Мақола сарлавҳаси «Дербими ёки ака-укалар баҳсими?» деб номланади. Кейинчалик ушбу мухлиснинг мақоласи fanat.uz сайтига ҳам жойлаштирилди. Юртимизда футболга бўлган эътибор жадаллик билан ривожланаётгани боис спортнинг бу тури атрофидаги фикрлар ҳам борган сари кўпаймоқда. Эндиликда мухлислар ҳам турли нашр­лар ёки футбол сайтлари орқали ўз фикрларини билдириш имкониятига эгалар.

Бу эса матбуотда фаолият олиб бораётганимиз туфайли кишини хурсанд қилиши табиий ҳол. Аммо, иккинчи томондан, кўпчилик вазият билан яқиндан танишмай туриб Қашқадарёнинг икки клуби — «Насаф» ва «Машъал» тўғрисида бўлмағур фикрларни билдирмоқда. Бизнингча, Шоҳруххон Турғунов ҳам Қашқадарё вилоятининг мана шу икки жамоаси билан яқиндан таниш бўлмай туриб ўз билганича қалам тебратишга аҳд қилган кўринади. Унинг мақоласига жавоб беришдан олдин қуйида унинг ёзганларини тўлиқ келтиришга ва шундан сўнг ўз жавобимизни айтишга қарор қилдик. Демак, Шоҳруххон Турғунов томонидан ёзилган «Дербими ёки ака-укалар баҳсими?» сарлав­ҳали мақолада муаллиф қуйидаги фикрларни илгари сурган: «Бугун Муборакда журналистлар тили билан айтганда, «воҳа дербиси» бўлиб ўтади. Унда маҳаллий «Машъал» жамоаси ўзининг ашаддий рақиби бўлмиш «Насаф»ни қабул қилади. Ашаддий рақиб деган сўз бирикмасига қўштирноқ қўйишдан ўзимни аранг тўхтатдим. Бу икки жамоа қанақасига ашаддий рақиб бўлсин? Мен бу ўйинни ака-укаларнинг баҳси деган бўлардим. Биласиз, ўзбекчиликда ука акага қарши қўл кўтара олмайди. Лев Толстой таълимотига таяниб айтганда, ўнг юзига тарсаки еса, чап юзини тутиб беради. Бу билан «Машъал» «Насаф»га ютқазиб беради, демоқчи эмасман. Шунчаки бу икки жамоа ўртасидаги учрашувнинг шиддатли ўтишига ишонмайман, холос. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳомийси бир, раҳбарлари ҳам тез-тез бир-бири сафига ўтиб турадиган икки жамоа учрашуви кескин ўтиши мумкинми? Билмадим, агар бу ўйин кескин ўтиб «Машъал» вилоятнинг бош жамоасидан очко тортиб ололса, бошим кўкка етарди. Спорт принциплари тантана қилганидан мамнун бўлардим. Аммо барибир кўнглимдан шубҳа аримаяпти. Ишқилиб адашган бўлайин-да!

Менга қолса, бу икки жамоани бирлаштириб «Бунёдкор» каби суперклуб тузган бўлардим. Битта вилоятга учта ўртамиёна жамоанинг нима кераги бор? «Насаф»ни қанчалик кучайтиришмасин, барибир «Бунёдкор» ёки «Пахтакор» даражасига чиқа олмаяпти. Ўйлашимча, қанчалик чиранмасин, «Шўртан» ҳам 4-ўриндан нарига ўта олмайди. «Машъал»-ку ҳамиша аутсайдерлар сафида юради. Уни академия тарбияланувчилари учун маҳорат мактаби бўлади, деб ўйлагандик. Аммо у хорижлик ўртамиёналар учун тирикчилик манбаи бўлди холос. 4-5 минг­га яқин мухлиси бор жамоа учун бунақа легионерларнинг умуман қизиғи йўқ. Шундай экан, унда фақат маҳаллий ёшлар ўйнагани яхши эмасми? Таркиб уч-тўрт нафар тажрибали футболчи билан кучайтирилса кифоя. Майли, улар аутсайдерлар орасида юрсинлар. Майли, олий лигада қолиш учун курашсинлар. Асосийси, тажрибалари ортади, иқтидорлилар ўзларини кўрсатишади. Уларни кучлироқ жамоаларга сотиш билан ҳам пул топса бўлади. Бу билан футболимиз ривожига улуш қўшган бўламиз. Ҳомийларнинг маблағи тежалишини айтмаса ҳам бўлади».

Мана шу Шоҳруххон Тур­ғуновнинг ёзган мақоласи. Шу ўринда яна бир карра эслатиб ўтсак, 20 август куни Муборакда «Машъал» ҳамда «Насаф» клубларининг ўринбосарлари ўзаро беллашишди ва бунда «машъалчилар» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Эртаси куни бўлиб ўтган асосий таркиблар ўртасидаги учрашувда ҳам яна «Машъал»нинг қўли баланд келди ва жамоа 1:0 ҳисобида зафар қучди. Агар мақола муаллифи айтганидек, мазкур баҳс воҳа дербиси эмас, балки «ака-укалар» ўйини бўлганида эди, «Машъал» ғалаба қозонмаган бўларди, тўғрими? Учрашув телевизор орқали эфирга узатилмагани боис кўпчилик ўйиннинг қандай кечгани борасида маълумотга эга эмас. Шу боис ўйин тафсилотларига қисқача тўхталиб ўтсам. Мазкур баҳс украиналик мураббий Анатолий Демьяненконинг дебюти бўлгани учун «Насаф» ғалаба қозонишга астойдил ҳаракат қилди. Агар 28-дақиқада Зафар Холмуродов пенальтидан тўп киритганида ёки бўлмаса ўйин охирларида Шавкат Саломовнинг голи инобатга олинганида, эҳтимол, «Насаф» Муборакдан уч очко билан қайтиши мумкин эди. Аммо шу куни сен урмасанг, сенга уришади қабилидаги иш рўй берди ва уч очкони қўлга киритиш «Машъал»га насиб этди. Эътибор беринг, иккинчи таймдаги тўхталишлар учун ҳакам томонидан 8 дақиқа қўшиб берилди. Балки кимдир 8 дақиқа қўшиб берилдими, демак бу вақт «Насаф» фойдасига хизмат қилади, қаршиликлар барибир гол уриб ғалаба қозонишади деган хаёлга борган бўлиши мумкин. Лекин қўшиб берилган дақиқалар «Машъал» фойдасига ишлади ва муборакликлар 90+5-дақиқада тўп киритиб якунда уч очкони қўлга киритишди. Шу ўйиндан кейин икки-уч кун мобайнида футболга оид сайт­ларни диққат билан кузатиб чиқдим. «Машъал» ютгани учун бўлса керак, ҳеч ким «келишилган» ёки «ака-укалар баҳси» деган сўзларни айтмабди. Чунки ҳалол ўтган баҳсда «Машъал» ғалаба қозонганди ва қўлга киритилган ютуқ баъзиларнинг нафаси ичига тушиб кетишига сабаб бўлганди.

Тўғрисини айтсам, мен мухлисми ёки журналистми, хуллас Шоҳруххон Турғунов деган исмни аввал эшитмагандим ва уни танимайман ҳам. Лекин у шу ёзган мақоласи орқали бир пасда машҳур бўлди-қўйди. Унинг ёзганлари fanat.uz сайтида чиққач, мен принтердан қоғозга тушириб ўйин куни «Машъал» футбол клубининг Бош директори Алядинов Энвер Фахриевич олдига олиб кириб бердим. У киши мақолани ўқиб чиққач, аввалига жаҳли чиқди, кейин эса нима сабабдан «Машъал» шаънига бундай бемаъни гаплар ёзилаётганини мулоҳаза қилишга тушди. Ва охирида ўйин тугасин, кейин гаплашамиз деди. Учрашув якунига етганидан сўнг, табиийки, «Машъал»да барчанинг кайфияти чоғ эди ва мен ўйин шарҳини ёзиш, мураббийлардан интервью олиш, расмларни «Машъал» сайтига жойлаштириш каби ишлар билан овора бўлиб бояги мақола тўғрисида раҳбар билан гаплаша олмадим. Аслини олганда бунинг кераги ҳам йўқ эди, чунки 1:0 ҳисоби ҳаммасига жавоб бериб бўлганди.

Мухлисларнинг хабари бор, 23 август куни шахсан ЎФФ президенти Мираброр Усмонов Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ҳамроҳлигида Қашқадарё вилоятининг Муборак, Касби, Fузор туманларида, шунингдек, Қарши шаҳрида бўлиб воҳа футболи билан яқиндан танишди. Ва айтиш мумкинки, федерациямиз раҳбарида Қашқадарё футболида олиб борилаётган ишлар ижобий таассурот қолдирди. 23 август­да бир қатор мартабали меҳмонлар, футбол мутасаддилари жой олган самолёт Тошкентдан Қаршига келиб қўниши биланоқ меҳмонларнинг биринчи қилган иши Муборакка бориш бўлди. Савол туғилади: Мираброр Зуфарович нима учун айнан Қашқадарёга сафар қилишни ихтиёр қилди? Бунинг жавоби шундаки, Мираброр Усмонов воҳада футбол жадаллик билан ривожланаётганидан бохабар, шу боис ҳам у киши бошқа вилоят футбол федерациялари раҳбарларини Қашқадарёга чорлади, бу ерда олиб борилаётган ишларни кўриб хулоса чиқаришсин, керак бўлса, андоза олишсин деган мақсадда. Майли, ташкилий ишларни бир четга қўйиб, футбол ичидаги гаплардан гаплашсак. Баъзилар «Машъал» футбол академиясидан яхши ўйинчилар етишиб чиқмаяпти, шундай экан, академия очишнинг нима кераги бор эди, деган гапни айтмоқда. Мақтаниш эмас-у, лекин Муборакдаги академия ҳозирги ўзбек футболи шароитидан келиб чиққан ҳолда етарлича ўйинчиларни чиқара оляпти. Биринчи лигадаги «Машъал-Академия»га эътибор беринг, таркибдаги барча футболчилар академия тарбияланувчилари ҳисобланишади. Ёки бўлмаса асосий таркибда тўп сураётган Санжар Қувватов, Арсен Тюленёв, Шуҳрат Муҳаммадиев, Аббос Шодмонов, Фозил Мусаев – булар қаерда таҳсил олишган? Майдонга тушишга шай бўлиб турган Сирож Ҳамроев, Даурен Эшбоев, Элдор Исабоев, Нодир Давлатов, Руслан Муродиллаев, Фаёз Азимқулов, Шерзод Файзиев, Шаҳзод Шайманов – булар-чи?

Футбол жамоавий спорт тури бўлгани учун академия тарбияланувчиларининг бирданига асосий таркибда ўйнаб кетиши осон кечмайди. Бунинг учун истаймизми-йўқми вақт керак. Бундан ташқари Шоҳруххон Турғунов ўз мақоласида «Машъал» хорижлик легионерлар учун тирикчилик манбаи бўлди, деган фикрни илгари сурган. Ўзимизни ёки Осиёни қўя турайлик, Европада легионерларни умуман олиб келмасдан фақат ўз тарбияланувчиларига эътибор қаратётган жамоа бормикан? Ўша академияси билан ном қозонган «Аякс»да легионерлар йўқ деб ўйлайсизми?  Ўз вақтида бу жамоа таркибида тўп сурган Златан Ибрагимович қаерлик эди-ю, жаҳон чемпионатидан сўнг бирданига машҳур бўлиб кетган Луис Суарес қаерлик? Тўғри, «Машъал»да савияси баланд бўлмаган легионерлар ҳам тўп суришди ва бунда мураббийлар ўша ўйинчиларни чақириб хато қилганликларини тан олишади. Лекин ҳозир тўп сураётганларни кучсиз деб бўлмайди, менимча. Агар кучсиз бўлганида Николай Риндюк кетма-кет уч учрашувда тўп киритмаган бўларди. Мен «Машъал»да ишлаётганим учун жамоа ичидаги вазиятни жуда яхши биламан ва футболчилар билан тез-тез гаплашиб тураман. Сизга айтсам, маҳаллий ўйинчилар бир неча бор айтишди: Риндюк ҳақиқатдан ҳам кучли экан деб. Бундан ташқари Риндюк ва Петковичнинг бу ерга келиб тўп суриши Фозил Мусаев учун ҳам фойдали бўлди. Чунки Фозил бу ўйинчилар олдида ўзини анча эркин ҳис қиляпти ва олдингидан яхшироқ ўйин намойиш этяпти.

Шундай экан, ким «Насаф» ва «Машъал»ни «ака-ука» деб ўйлаётган бўлса, қаттиқ адашади. Чунки бу клубларнинг ҳомийси, раҳбарияти, мураббийлари, ўйинчилари, мухлислари умуман бошқа-бошқа. Ҳар иккала клуб ҳам ўз олдига маълум мақсадларни қўйган ва ўша мақсадларга эришиш йўлида ҳаракат қиляпти. Ва энг муҳими, Шоҳруххон Турғуновнинг «На­саф»ни қанчалик кучайтиришмасин, барибир «Бунёдкор» ёки «Пахтакор» даражасига чиқа олмаяпти, ўйлашимча, қанчалик чиранмасин, «Шўртан» ҳам 4-ўриндан нарига ўта олмайди, «Машъал»-ку ҳамиша аутсайдерлар сафида юради деган гаплари умуман асосга эга эмас. Чунки бу жамоалардан ақалли биттаси Тошкентда бўлганида эди, аллақачон чемпионликни қўлга киритган бўларди. Энг асосийларидан бири Қашқадарё вилоятидан учта клуб олий лигада иштирок этаётгани билан бу жамоалар биринчи навбатда молиявий томондан қийинчиликка дуч келишаётгани йўқ. Ёки сиз бирор марта бўлса ҳам «Насаф», «Машъал» ёки «Шўртан»нинг бошқа клубларга ўхшаб пул томондан қийналиб қолганини эшитдингизми? Таклифим, сиз олдин Муборакка бир келинг, одамлар чўлга ўхшаш жойда қандай қилиб футболни ривожлантиришаётганига эътибор беринг ва шундан сўнг фикр билдиринг. Биз жамоа ёки академияда олиб борилаётган ишлар танқид қилинишига қарши эмасмиз, аммо ҳақорат қилинишига чидаб бўлмайди. Футболда тан­қид бўлиши керак, чунки бусиз ўсиш бўлмайди, лекин вазиятни ичкаридан ўрганмай туриб ҳақорат қилиш яхши эмас. Шу ўринда ҳалиям «Насаф» ва «Машъал»ни «ака-ука» деяётган мухлислар ёки журналистларга айтадиган гапимиз: бир вақт топиб Муборакка келинг ва бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, керак бўлса раҳбарият, мураббий, футболчилар билан суҳбатлашиб, шундан сўнг ОАВ орқали фикр билдиринг. Агар бу ерга келиб танқидий фикрларга эга бўлсангиз, марҳамат, танқид қилишингиз ҳам мумкин, фақат танқид асосга эга бўлса бўлгани. Бир жойда ўтирволиб ўзбек футболи тўғрисида турли бўлмағур гапларни ёзиш эса ҳамманинг қўлидан келади ва бу ҳеч қандай самара бермайди.
 
Хайрулла ХОЛИҚОВ
«Машъал» футбол клубининг матбуот котиби.
Учрашувлар
2018-11-19 14:30

Машъал

Андижон
4:1
ПРО Лига "А"-гуруҳи
2018

Машъал

Машъал
:
ПРО Лига "А"-гуруҳи
Турнир жадвали

1 Машъал 32 54-27 63
2 Андижон 34 58-34 63
3 Истиқлол 31 52-30 57
4 Динамо 31 44-25 52
5 Сурхон 32 58-40 50
6 Шўртан 31 33-45 36
7 Хоразм 31 51-70 32
8 Орол 31 33-69 23
9 Норин 33 26-69 21

1 Локомотив 1 3-0 3
2 Пахтакор 1 2-0 3
3 Бухоро 1 1-0 3
4 Бунёдкор 1 1-0 3
5 Нефтчи 1 0-0 1
6 Насаф 1 0-0 1
7 Металлург 0 0-0 0
8 Навбахор 0 0-0 0
9 АГМК 1 0-1 0
10 Қўқон-1912 1 0-1 0
11 Сўғдиёна 1 0-2 0
12 Қизилқум 1 0-3 0
ТАВАЛЛУД АЙЁМИНГИЗ БИЛАН
МАҲМАДМУРОДОВ Сарвар
Видео тасвирчи
01.09.1991
Ваниев Дилявер
Жамоа Бошлиги
04.09.1975
Махматмуродов Санжар
Массажчи
26.09.1994
+ + +