Муҳсин Низомиддинов: “Бир марта ҳакам тўғрисида гапирганман, бошқа бу ҳақда оғиз очмайман”

Про лиганинг 13-туридан ўрин олган “Машъал” — “Қўқон-1912” (0:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Муҳсин Низомиддинов матбуот анжуманида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида…

– Гувоҳи бўлганингиздек, мухлисларга манзур келадиган ўйин бўлди. Икки хил тайм кўрдик. Ўйин аввалида қийинчиликка дуч келишимизни билардик. Об-ҳаво ҳам бугун яхши тусга кирди. Рақиб жамоада мураббий ўзгарди. Асрор Алиқулов тажрибали мураббий саналади. Шунга қарамай, ўйлаган ниятимизга етдик.

– Ҳакамларга қандай баҳо бера оласиз?

– Бир марта ҳакамлар тўғрисида гапирганман, бошқа бу ҳақда оғиз очмайман. Улар ҳали ёш, бугун хатога йўл қўйишди, деб ўйламайман. Эҳтимол, қайсидир эпизодда янглишган бўлиши мумкин.

– Захирадан майдонга туширган шогирдингизни яна захирага олдингиз, буни боиси нимада?

– Бу ҳолат аввалги ўйинларда ҳам содир бўлган. Исоқжоновнинг жароҳати бор, у оёғидан укол олиб, майдонга чиқмоқда. Жароҳат унинг тўлақонли ҳаракатланишига имкон бермади. Шу сабаб алмаштирдик. Унинг ўрнига туширилган Бешимов ҳам яхши таассурот қолдирди.

– Бугун дарвозабонга кўп эътироз билдирдингиз…

– Ундай эмас. Бизда иккита бир хил даражадаги дарвозабон бор. Посбонимизнинг ҳам жароҳати мавжуд эди, уни алмаштирмадик. Шунга қарамай, ўз қўрғонини муносиб қўриқлади.