Академия

«Машъал» Профессионал футбол клуби тўғрисида маълумот

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида футболни ривожлантиришга аввалдан замин бор эди. Миллий чемпионатимизга асос солингунга қадар газчилар шаҳарчасининг «Факел» жамоаси собиқ Иттифоқ чемпионати иккинчи лигаси, Ўзбекистон касаба-уюшмалари жисмоний тарбия жамоалари Республика биринчилигида қатнашиб келган.

1980 йиллар бошида улғайиб бораётган ёш шаҳарнинг меҳнатсевар ёшлари футбол жамоасини тузиш ташаббуси билан чиқдилар. Муборак технологик транспорт ва махсус техникалар корхонасининг раҳбари Баҳром Вафоевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1982 йили футбол жамоасига асос солинди.

Биринчи мавсумдаёқ катта мақсадларни кўзлаган футболчилар вилоят биринчилигида муваффақият қозониб, Республика биринчилигига йўлланма олишди. Шу йилларда айнан Баҳром Вафоевнинг ташаббуси, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Муборак газ ишлаб чиқариш бошқармаси, бошқа хомийлар кўмаги ҳамда ҳашар йўли билан шаҳар марказида стадион қуриб битказилди. Ушбу стадион айни пайтда айнан Баҳром Вафоев хотираси учун унинг номи билан аталади.

1988 йилга қадар жамоа ички биринчиликда ўртамиёна клублардан бири бўлиб келди. Бу давр ичида жамоага четдан не-не ўйинчилар, мураббийлар келиб кетмади. Ўша йилнинг иккинчи даврасида клубга пойтахтдан Владимер Первушин Павлович ва Серостанов Борис Степановичлар таклиф этилди. У асосий эътиборни маҳаллий ёшларга қаратди. Натижа эса келаси мавсумдаёқ бўй кўрсатди – аутсайдерлардан бири бўлган «Факел» фахрли учинчи ўринга кўтарилиб олди.

Миллий чемпионатимиз биринчи лигасида фаолиятини давом эттирган йилиёқ жамоанинг номи ўзгартирилди ва шундан бери клуб «Машъал» дея атала бошланди. Жамоанинг олий лигага чиқишида собиқ пахтакорчи, бош мураббий Борис Серостанов, Муборак тумани ҳокими Жумақул Қурбонов, ҳомийлар – туман газни қайта ишлаш корхонаси директори Нуриддин Зайниев, Муборак газ конлар бошқармаси бошлиғи Иван Келеш каби инсонларнинг хизматлари беқиёс бўлди. Жамоа бош мураббийлигига гарчи Виталий Иванов таклиф этилган бўлса-да, ўйинчиларнинг аксарияти маҳаллий йигитлар бўлганлиги эътиборли эди. Олег Қаҳҳоров, Константин Смирнов, Файзулла Очилов, Асрор Алиқулов, Зоир Тўрақулов, Александр Бейнарович, Анвар Бердиев, Комил Ягмиров, Дилшод Андаев,  Владимир Надьярний каби қашқадарёлик футболчилар вилоят шарафини олий лигада муносиб ҳимоя қилишга киришдилар. Юқорида номлари зикр этилганлар кейинчалик ҳам вилоят футболи савиясини кўтариш учун ўзларини шу соҳага бағишлаганликлари билан ҳурмат қозондилар.

 

1982-1984 йилларда жамоа номи “Автомобилист” деб юритилган.

1984-1990 йилларда жамоа номи “Факел” деб юритилган

1991 йилдан жамоа номи «Машъал» деб юритила бошлаган.  

1992 йилдан «Машъал» футбол клуби Ўзбекистон биринчи лигасида иштирок этишни бошлаган.

1994 йилги биринчи лига якунига кура жамоа Олий лигага йулланмани қўлга киритади.

1995 йилдан эътиборан Олий лигада иштирок этишни бошлайди.  

Жамаонинг Ўзбекистон Олий лигасида кўрсатган энг юқори натижаси 2002 йилда 2 ўрин ва кумуш медал сохиби бўлганидир.

2006 йилда  Осиё чемпионлари лигасида иштирок этган.

 

2002 йилда Нуриддин Зайниев ва Баҳром Давлатовлар сайи ҳаракати билан  “Машъал” футбол клуби академияси ташкил қилинди.  Ҳозирги кунгача  “Машъал” футбол клуби академиясида 500 дан ортиқ футболчилар етишиб чиққан.